Бино ҳовлисига катта мармар тош ўрнатилиб, унга озар, инглиз ва араб тилларида масжид тарихи қайд этилган.
Озарбайжон тарихий обидаларга, кўп асрлик бинолар, иншоотларга бой мамлакат. Пойтахт Бакудами ёки Ганжа, Шомаҳи, Исмоилли районларини айтасизми, хуллас, ҳар бирида кишини қўлидан тутиб, тарихга, ўша қадим асрлардан тортиб, яқин ўтмишга етаклаб кетувчи тарихий манбалар кўп ва хўп топилади.
Гўзал, аммо қимматбаҳо шаҳар Бакудаги икки кунлик сафаримиздан сўнг, йўлимиз Исмоилли районига тушди. Соат 11:00 атрофида Бакудан йўлга чиқдик. Исмоиллигача 4 соатлик йўл экан. Кун қиздиргандан қиздириб борарди. Каспий денгизи ҳисобига намлик юқори даражада. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда 50 даража иссиқни кўрмадим дейдиган биздек чайирлар Озарбайжоннинг 40 даражали жазирамасида анча толиқиб қолдик.
Исмоиллига солинган йўлдан борарканмиз тушлик қилиш учун Шомаҳи районида тўхтадик. Яшилликка бурканган бу районнинг таомлари ҳам, мевалари ҳам тотли эди. Дастурхон устидаги суҳбатда район Маданият ва туризм бошқармаси ходими биз ўтирган тамаддихонадан 3 км узоқликда VIII асрда қурилган масжид борлигини айтиб қолди. Аслида сафаримиз режаси аввалдан тасдиқланган, ҳар дақиқа ғанимат эди. Шунга қарамай бир неча юз йиллик тарихга эга, Муҳаммад (с.а.в.) вафотларидан 111 йил ўтиб қурилган масжидни зиёрат қилмай кетишни айб санадик.
Узоқдан масжид миноралари ярқ этиб кўзга ташланди. Икки минора савлат тўкиб турибди. Масжидга яқинлашдик. Атрофи темир панжаралар билан ўралган. Реконструкция қилингач, замонавий кўриниш олган бу масжид минг йилдан ошиқ тарихга эга. У ўтмишда не-не кунларни кўрмади, қандай воқеаларга гувоҳ бўлмади, дейсиз...
Бино ҳовлисига катта мармар тош ўрнатилиб, унга озар, инглиз ва араб тилларида масжид тарихи қайд этилган.
Баку ғарбидан 122 км узоқликда жойлашган Шомаҳи районидаги Жума жомеъ масжиди 743 йилда барпо этилган. У қадимийлиги бўйича Жанубий Кавказдаги 734 йилда қурилган Дарбанд Жума масжидидан кейин иккинчи ўринда туради.
Шомаҳи мамлакатнинг энг кўп зилзила бўладиган ҳуҳудида жойлашган районлардан бири. Бу ерда ўнга яқин кучли зилзилалар кузатилган. Бунинг оқибатида эса масжид ўз кўрнишини йўқотган, деворлар нураган, қулаган. 1856 йилда ва 1902 йилда рўй берган кучли зилзилалардан кейин масжид икки марта реконструкция қилинади. 1856 йилдаги зилзиладан сўнг биринчи реконструкция ишлари маҳаллий меъмор Қосимбей Ҳожибобоев томонидан амалга оширилади. Иккинчи реконструкция ишларига эса польшалик архитектор Иосиф Плошко бош-қош бўлади. Шу боис масжид меъморчилигида европа анъаналари яққол кўзга ташланади.
Тарихий манбаларга кўра, масжид 1918 йилда арманлар томонидан ёқиб юборилади. Ёнғин вақтида ноёб қўлёзма ва китоблар ҳам аланга ичида қолган. Олов излари масжид деворларининг айрим қисмларида ўз ҳолича сақланиб қолинган. Кейинги таъмир ишлари Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва унинг турмуш ўртоғи – Озарбайжон Республикаси вице-президенти Меҳрибон Алиеванинг топшириғига биноан 2010 йилда бошланди ва 2013 йилда ниҳоясига етказилди.
Бир неча бор олиб борилган реконструкция ишлари давомида масжид биносининг қаршисида мадраса бўлгани аниқланди. Қабрлар ҳам топилди. Археологик қазилмалар давомида юзага чиққан анжомлар, мадраса ҳужралари атрофи ўралиб, алоҳида ёдгорлик ҳолига келтирилган.
Таъмирлаш ишлари давомида Ширван-Абшерон меъморчилик анъаналарини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилган. Шомаҳи райони сейсмик ҳудудда жойлашгани сабаб масжид пойдевори мател мосламалар билан янада мустаҳкамланган. Минораларнинг пойдевори эса 15 метр чуқурликдан бошлаб қурилган. Уларнинг узунлиги 36,4 метрни ташкил этади. Минораларнинг бирига масжид қурилган давр – 743 йил, иккинчисига эса охирги таъмир ишлари олиб борилган давр – 2013 йил деб ёзиб қўйилган.
Масжид уч қисмга бўлинади. Унинг умумий узунлигида 47 метр, эни эса 28 метрни ташкил этади. Масжиднинг ўрта залида 1500 киши ибодат қилиши мумкин. Заллар ёғоч тўсиқлар билан ажратилган. Уч залдан бирида аёллар намозгоҳи бор.
Масжидда юнон-рим ва шарқ меъморчилик анъаналарини кўриш мумкин. Деворларда йирик ғиштлар орасига металлар қўйиб чиқилган. Шомаҳи сейсмик ҳудудда жойлашгани боис бу металлар зилзила вақтида деворлар бир-бирини тутиб туришида муҳим аҳамият касб этади.
Масжиднинг шифтига нақшлар билан безак берилган, Қуръондан оятлар битилган. Иморатларнинг бу каби безатилишини, пештоқлардаги ёзувлар, қандиллардаги ўхшашликни шарқ мамлакатларининг кўплаб масжидларида учратасиз. Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Султон Аҳмад масжидидаги каби қандилларга бу масжидда ҳам кўзимиз тушди. Бундан кўриниб турибдики, масжид қайта таъмирдан чиқарилганда меъморчилик ва пардозлаш ишларида барча ислом мамлакатлари анъаналарини бир ерга жамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Масжид ташқарисида узун айвонли икки бино қурилган. Уларнинг бири таҳоратхона сифатида фойдаланилса, иккинчисида кутубхона, маросим ўтказиш заллари мавжуд. Сўнгги таъмирлаш ишлари вақтида иккита ҳовуз ҳам барпо этилган.
Масжид деворларидан тарих иси уфуриб турибди. Балки баландпарвоздек туюлар, аммо биз бу масканни кўрмай кетганимизда Озарбайжоннинг тарихий обидалари бор гўзаллигини ҳозиргидек ҳис қилмаган бўлармидик. Мамлакатнинг, хусусан, Шомаҳи районининг ислом олами, цивилизациясида тутган ўрни беқиёс эканини эътироф этмаслининг имкони йўқ. Унинг йиллар ўтгани сайин қадр топиб, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳга айлантирилганини эса олқишларга сазовор.
Суратлар муаллифи Шерзод Икрамутдинов