Мактабгача таълим вазирлиги томонидан “Қўлингда имкон” номли қўшиқ ва унинг видеоклипи тайёрланмоқда.
Ҳадемай, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини қаршилаймиз. Бу байрам учун кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари, ижодкорлар ҳамкорлигида совға тайёрланмоқда.
Гап шундаки, байрам арафасида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан “Қўлингда имкон” номли қўшиқ ва унинг видеоклипи тайёрланмоқда.
Ушбу таъсирли мусиқавий видео орқали, Мактабгача таълим вазирлиги барчанинг эътиборини болаларга туғилган кунидан туғилишидан бошлаб сингдириш керак бўлган муҳим нарсаларга қаратмоқчи.
Қўшиқни Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаев, хонандалар Шаҳзода, Лола, Шаҳриёр ва “Булбулча” болалар хор жамоаси ижро этган. Мусиқа эса истеъдодли бастакор Шуҳрат Зокировга тегишли. Қўшиқ сўзларини Шоира Ғиёсова ёзган.
Ушбу лойиҳа ҳақида Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева шундай дейди:
“Бизнинг болаларимиз бугун қандай қарор қабул қилишлари ва биз уларга эрта ёшидан ўргатганларимиз, уларнинг ва юртимизнинг келажагини белгилаб беради. Ва ушбу нарсаларга эришишда уларга кўмак бериш – бу бизнинг умумий вазифамиздир”.
Ушбу клипни суратга олиш жараёнида 300 дан ортиқ киши иштирок этди. Улар орасида “Томоша”, “Monster kids”, “Аладдин” болалар ансамбллари, “Пахтакор” болалар футбол клуби, боғча ва мактаб ёшидаги болалар, бокс бўйича Ўзбекистон чемпионлари Шахрам Ғиёсов ва Хасанбой Дўстматов, Алишер Навоий номидаги Давлат Академик опера ва балет Катта театри балеринаси Нодира Ҳамройева, “Global Soccer Awards” халқаро танловининг “Йилнинг энг яхши ҳаками” номинацияси ғолиби Равшан Эрматов, таниқли футболчи ва Тошкентнинг “Локомотив” футбол клуби ҳужумчиси Сардор Рашидов, Бунёдкор футбол клуби ва бошқа таниқли санъаткорлар ва актёрлар иштирок этишган.