Ўзбекистон Президенти Москвада Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилганига миннатдорлик билдирган.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин тор доирада музокара ўтказган.
Президент Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари кейинги икки йилда янада мустаҳкамланганини таъкидлаган.
Давлат раҳбари Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Презденти Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилгани ва тантанали очилгани учун Ўзбекистон халқи номидан самимий миннатдорлик билдирган.
“Россия Ўзбекистоннинг стратегик шериги. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мамлакатларимиз ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди ва барча йўналишларда изчил ривожланмоқда.
Кейинги бир йилнинг ўзида юқори даражада саксондан ортиқ ташрифлар ташкил этилди. Ҳудудлар ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бугун Тошкентда Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Россия ҳудудлари, жамоатчилиги ва бизнесининг мингдан ортиқ вакили иштирок этмоқда.
Жорий йил бошидан ҳозиргача товар айирбошлаш ҳажми ўттиз фоизга ўсди. Йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда”, деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари яна бир стратегик лойиҳа – Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилиш лойиҳаси бошланаётганини катта мамнуният билан қайд этган.
Маданий-гуманитар алоқалар кенгайиб бораётгани таъкидланган. Жорий йилда илк бор Ўзбекистон-Россия медиа-форуми ўтказилди, ташриф арафасида Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида Таълим форуми бўлиб ўтди.
“Бу кейинги пайтларда ҳамкорликда эришилган юқори марраларга бир нечта мисол, холос. Давлат ташрифингиз Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ривожига янги, кучли импульс бағишлашига ишонаман”, деган Шавкат Мирзиёев.
Владимир Путин давлат раҳбарига таклиф учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Россиянинг ишончли иттифоқчиси, стратегик шериги эканини таъкидлаган.
Президентнинг Россияга ўтган йилги давлат ташрифидан кейин икки томонлама муносабатларнинг ҳамма соҳаларида жиддий ўзгаришлар бўлганини, Россия Ўзбекистон билан ҳамкорликни бундан буён янада ривожлантириш ниятида эканини қайд этган.
Учрашувда амалий ҳамкорликни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилган.