...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мирзиёев талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё билан барқарор таъминлашга оид муҳим қарорни имзолади


12:07, 18.01.2018 Жамият
 2 396

Юқори ликвидли маҳсулотлар ва хом ашё ресурсларини биржа савдоларида реализация қилишнинг самарали бозор механизмларини жорий этишдаги камчиликлар турли хил суиистеъмолчиликлар учун шарт-шароит яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 17 январь куни “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Мамлакатда валюта сиёсатини либераллаштириш, реал бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда нархни шакллантиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, соғлом рақобат ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида комплекс чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5303-сон Фармонига мувофиқ мамлакатга озиқ-овқат товарларини олиб кириш бўйича айрим субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференцияларнинг бекор қилиниши носоғлом рақобат, айрим маҳсулот турлари импортининг монополлаштирилиши, нархнинг сунъий оширилиши, оқибатда, бу асосда асоссиз фойда кўришга кўмаклашувчи шарт-шароитларга барҳам бериш борасида муҳим қадам бўлди.
 
Шу билан бирга, баъзи тизимли муаммоларнинг мавжудлиги кўзланган чора-тадбирларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда, айрим маҳсулот ва хом ашё турлари тақчиллигининг юзага келишига, улар нархининг спекулятив ўсишига ва товар (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқаришнинг рентабеллиги пасайишига олиб келмоқда. Хусусан:
 
биринчидан, айрим маҳсулотлар ва хом ашё ресурслари турларини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмининг етарли эмаслиги зарур захирани шакллантиришни таъминлаш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солиш имконини бермаяпти, бу эса спекулятив операцияларга, охир-оқибатда, талаб юқори маҳсулот ва хом ашёлар нархининг ўсишига олиб келмоқда;
 
иккинчидан, юқори ликвидли маҳсулотлар ва хом ашё ресурсларини биржа савдоларида реализация қилишнинг самарали бозор механизмларини жорий этишдаги камчиликлар турли хил суиистеъмолчиликлар учун шарт-шароит яратмоқда;
 
учинчидан, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш фаолиятини лицензиялашнинг мураккаб тартиб-таомиллари қурилиш материалларини маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ва мазкур соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилмоқда;
 
тўртинчидан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмайдиган, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ва хом ашё ресурслари турларини импорт қилишда божхона божлари ставкасининг юқорилиги улар тақчиллигининг юзага келишига ва нархларнинг асоссиз ўсишига шарт-шароит яратмоқда;
 
бешинчидан, энергия самарадор технологияларни жорий қилган корхоналар учун рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш муддатларининг чўзилиши тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш харажатларини кўпайтирмоқда.
 
Иқтисодиёт тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот, хом ашё ва материаллар турлари билан барқарор таъминлаш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, иқтисодиётни либераллаштириш шароитида маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчиликлар ва талон-торожликлар шароитини тугатиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3386-сон қарорига мувофиқ 2018 йил 1 январдан бошлаб монополист корхоналар томонидан 27 номдаги юқори ликвидли маҳсулотларни фақат биржа савдоси орқали бозор тамойиллари асосида сотиш тартиби жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
 
2. Белгилаб қўйилсинки:
 
а) қуйидагилар биржа савдоларида реализация қилинади:
 
экстракцион бензин, мис катоди, мис катанкаси, иккиламчи алюминий, металл рух, чорва озуқаси учун буғдой – фақат туман (шаҳар) ҳокимликлари хулосасига мувофиқ уларни кейинчалик қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлган корхоналарга;
 
техник чигит – фақат мазкур қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган ва ушбу уруғликни ишлаб чиқариш жойида жойлашган “Ўзпахтаёғ” АЖнинг ёғ-мой корхоналарига;
 
б) қуйидагилар, истисно тариқасида, белгиланган нархлар асосида
тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилинади:
 
автомобиль бензини – бюджет ташкилотлари ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига;
 
дизель ёқилғиси – бюджет ташкилотлари, давлат буюртмаси бўйича пахта хом ашёси ва ғалла етиштириб берувчи фермер хўжаликлари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб кетиш бўйича давлат корхоналарига;
 
кўмир – бюджет ташкилотлари, аҳоли ва “Ўзбекэнерго” АЖ корхоналарига;
 
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мўлжалланган пахта ёғи – 10 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдордаги чакана устамани ўз ичига олган белгиланган нарх бўйича кейинчалик тақсимлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган улгуржи ва чакана корхоналарга, давлат стратегик захирасини шакллантириш учун – белгиланган нарх бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитасига;
 
в) пахта толаси уни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдолари орқали, “Давлат белгиси” ДИЧБ, “Ўзпахтасаноат” АЖ ва Ўзбекистон кўрлар жамияти корхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассасаларига технологик эҳтиёж ва мавжуд ишлаб чиқариш қуввати доирасида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилинади;
 
г) пахта чигити шелухаси ва шроти амалдаги биржа устамалари ва ҳажмларни тақсимлаш тартиби сақланган ҳолда биржа савдоларида реализация қилинади.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда юқори ликвидли маҳсулот турларини реализация қилиш бўйича товар-хом ашё биржалари фаолиятининг ўрганилишини, нархлар асоссиз ўсишига йўл қўймаслик, иштирокчиларнинг биржа савдоларида эркин қатнашишини таъминлаш, биржа савдоларининг электрон тизимларидан рухсатсиз фойдаланишдан самарали ҳимоя қилиш бўйича таклифлар тайёрлашни ташкил этсин.
 
4. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комиссияси тугатилиб, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш ваколати Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ўтказилсин.
 
Белгилаб қўйилсинки:
 
норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни олиш буюртмаларини кўриб чиқиш муддати 20 кунгача қисқартирилади;
 
норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда мурожаат қилувчининг устав фондига қўйилган талаб буюртма тақдим этилган вақтда қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорини ташкил этади;
 
норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун кон ажратмаларини бериш ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ишчи лойиҳа тақдим этилган кундан бошлаб 10 кун давомида амалга оширилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бир ой муддатда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар беришнинг янгиланган тартиби ишлаб чиқилиши ва ўрнатилган тартибда киритилишини таъминласин.
 
5. Маҳаллий корхоналар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш назарда тутилган ўзида ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат)ларни етказиб беришга тўғридан-тўғри битимлар шартида норезидентлар билан хорижий валютада шартномалар тузиш тартиби бекор қилинсин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Бош прокуратура, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда норуда фойдали қазилмалар конларидан фойдаланилишини танқидий ўргансин ҳамда қуйидагиларни ҳам назарда тутган ҳолда уларни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритсин:
 
ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва муқобил энергия манбаларини жорий этиш орқали, шу жумладан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини камайтириш йўли билан харажатларни оптималлаштириш;
 
муқобил қум-шағал конларини тез суръатларда қазиш ва ўзлаштириш;
 
норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари ҳақида тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш.
 
7. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1025-сон қарори иловасининг 1-бандида кўрсатилган табиий газ истеъмолчи ташкилотларга нисбатан табиий газни реализация қилишда нарх белгилашнинг алоҳида тартиби татбиқ этилмайдиган истеъмолчилар учун белгиланган амалдаги тарифга нисбатан 1,6 коэффициент қўлланилган ҳолда тўлаш тартиби 2018 йил 1 апрелга қадар амалда бўлади.
 
“Ўздавэнергоназорат” ва “Ўздавнефтгазинспекция” давлат инспекциялари, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ “Ўзстандарт” агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 15 февралга қадар муддатда корхоналарга улар томонидан қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатдан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги, шунингдек, ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида хулосалар бериш тартибининг ишлаб чиқилиши ва амалга киритилишини таъминласин.
 
8. “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари 2-иловага мувофиқ қурилиш материаллари асосий турларини ишлаб чиқариш қувватларининг фойдаланишга топширилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
 
9. 2019 йил 1 январга қадар муддатга импорт қилишда божхона тўловлари тўлаш бўйича имтиёз бериладиган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) маҳсулот, хом ашё ва материаллар турларининг рўйхати 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда талаб юқори бўлган, биринчи навбатда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш дастурини тасдиқласин.
 
10. “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖга ёғоч-тахта материаллари
ва том ёпиш учун темир листларнинг энг яхшиларини танлаб олиш натижалари бўйича тендер савдоларини ўтказмасдан импорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида экспертизадан ўтказган ҳолда ишлаб чиқарувчилардан мустақил сотиб олиш ҳуқуқи берилсин.
 
“Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ ёғоч-тахта материаллари ва том ёпиш учун темир листларни импорт қилишда божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) ва янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларни қуриш доирасида уларни бош пудрат ташкилотларига реализация қилишда қўшимча қиймат солиғини тўлашдан озод қилинсин.
 
Белгилаб қўйилсинки:
 
“Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ томонидан ёғоч-тахта материаллари ва том ёпиш учун темир листларни бош пудрат ташкилотларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилиш рентабеллиги 5 фоиздан ошмаган нархда амалга оширилади;
 
“Ўзсаноатэкспорт” АЖга ёғоч-тахта материаллари ва том ёпиш учун темир листларни импорт қилишда берилган божхона тўловларини ва уларни “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖга реализация қилишда қўшимча қиймат солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзлар ушбу қарор қабул қилинган кунга қадар имзоланган импорт контрактларига нисбатан қўлланилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ билан биргаликда ўн кун муддатда ёғоч-тахта материаллари ва том ёпиш учун темир листлар импортини молиялаштириш манбалари ва механизмлари бўйича таклифлар киритсин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 июлга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими доирасида ҳисобга олиш ва ҳисобот жараёнини автоматлаштириш, шунингдек, реал вақт режимида “қурилиш материалларини қазиб олиш – ташиш – сақлаш – қайта ишлаш – ишлаб чиқариш – реализация қилиш” занжири бўйича жараённи кузатиб бориш имконини берувчи Идоралараро ҳамкорликнинг ягона интеграциялашган ахборот тизими жорий этилишини таъминласин.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
 
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 17 январь

Теглар:Президент қарори 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар