Ўзбекистон раҳбари Владимир Путинни туғилган куни билан самимий қутлаб, эзгу тилакларини изҳор этди.
Ўзбекистон раҳбари Владимир Путинни туғилган куни билан самимий қутлаб, эзгу тилакларини изҳор этди.
Суҳбат чоғида олий даражадаги учрашувлар ва музокаралар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон-Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг ижобий динамикаси чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқотда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, шу жумладан, нефт-газ, энергетика, металлургия, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларда йирик сармоявий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.
Томонлар имзоланган ҳукуматлараро битимга мувофиқ, тинч атом соҳасидаги стратегик лойиҳани амалга оширишга тайёргарлик кўришмоқда.
Тўғридан-тўғри минтақалараро алоқалар, шунингдек, ишбилармон доираларнинг ўзаро ҳамкорлиги фаоллашди. Бу ой Тошкентда икки мамлакатнинг минтақавий раҳбарлари, етакчи корхоналари ва компаниялари иштирокида биринчи Ўзбекистон-Россия минтақалараро форуми бўлиб ўтади.
Маданий-гуманитар соҳадаги амалий ишлар юксак баҳоланмоқда. Университетлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга урғу берилди. Яқин кунларда Ўзбекистон пойтахтида биринчи қўшма таълим форуми бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари ректорлари ва профессор-ўқитувчилари иштирок этади.
Давлат раҳбарлари Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат якунида Президентлар узоқ муддатли Ўзбекистон-Россия стратегик шериги ва иттифоқини, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қатъий қарор қилди.