Шимолий Корея етакчиси ва Жанубий Корея Президенти чегара ҳудудда саммит ўтказган эди.
Табрик хатида жорий йилнинг 27 апрель куни иккала Корея чегарасидаги Панмунжом “Тинчлик уйи”да ўтган саммитга муносабат билдирилган. Жумладан, Мирзиёев ушбу саммит корея халқи учун тарихий аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёев мактубда ушбу учрашувнинг ташкил этилишида Мун Чже Иннинг ташаббусини алоҳида қайд этиб ўтган:
“Бутун жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб турган ушбу саммит ютуқлари Сизнинг қатъий позициянгиз туфайли Корея Республикаси ҳамда КХДР ўртасидаги муносабатларнинг такомиллашуви, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, минтақага бўлган ишончни таъминлади”.
Мирзиёев мазкур саммитда қабул қилинган декларациянинг икки корейс давлати муносабатларининг янги босқичга чиқиши ва ривожланишидаги аҳамиятини ҳам қайд этган.
Ўзбекистон Президенти табрик хатида Ўзбекистоннинг Корея минтақасидаги позициясини билдириб ўтган. Хусусан, унда Ўзбекистон ушбу минтақани ядро қуроллардан ҳоли ҳудудга айлантириш ва корейс мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши тарафдори экани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Аввалроқ, иккала корейс давлати раҳбарлари ўзига хос тарихий саммит джоирасида учрашув ўтказганини хабар қилган эдик.