Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди.
ЎзА хабарига кўра, олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.
Ташриф доирасида турли тадбирлар бўлиб ўтди. Жумаладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди ҳамда “Ўзэкспомарказ”да ташкил этилган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари тор доирадаги учрашувларни ўтказиб, мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларацияни имзоладилар.
Ташрифнинг асосий тадбирлари юзасидан фоторепортаж ҳавола этилди.
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, қатор ҳужжатлар имзоланди.
Олий даражада ўтган музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти Қирғизистон Республикаси президентига ўзбек тилидаги “Манас” китобини тақдим этгани айтилган эди.