Меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Мадаминжон Ҳасановнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва “Нуроний” жамғармаси республика Бошқарув раиси Шуҳрат Жалилов таъзия билдирдилар.
Таъзия мактубида шундай дейилади:
Мадаминжон Ҳасанов 1924 йил Андижон вилоятида туғилган. Унинг ёшлиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келиб, 1942-1946 йилларда фронт майдонларидаги оғир жангларда мардона иштирок этди. Фашизмга қарши курашдаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди.
У урушдан сўнг Москва олий кооператив марказий мактабини тугатиб, республикамизнинг турли савдо ташкилотларида хизмат қилди. Жумладан, 1956-1959 йилларда “Ўзбектекстильторг”нинг Андижон вилояти базаси директори, 1959-1966 йилларда “Ўзбекбирлашув” бошқарувининг раиси бўлиб ишлади.
Мадаминжон Ҳасанов 1966-1979 йиллар мобайнида Ўзбекистон савдо вазири лавозимида самарали фаолият олиб борди. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда илмий фаолият билан ҳам шуғулланди. 1979-2004 йилларда “Соғломлаштириш маркази” илмий-тадқиқот муассасасига раҳбарлик қилди.
Ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида Мадаминжон Ҳасанов кенг билими, катта ҳаётий тажрибаси ва шахсий намунаси билан республикамизда савдо тизимини ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ишларида жонбозлик кўрсатди.
У 2004 йилда нафақага чиққанидан сўнг Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг фаоли сифатида кўплаб ибратли ишларни амалга оширди. Хусусан, уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларимизни она Ватанга, халқимизга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу борада кекса авлод вакилларининг фаол иштирокини таъминлашда ўзининг ташкилотчилик, ташаббускорлик ва фидоийлик фазилатларини намоён этди.
Мадаминжон Ҳасановнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган савдо ходими” фахрий унвони, “Жасорат” медали, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган эди.
Меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Мадаминжон Ҳасановнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов, А.Арипов, Ж.Ортиқхўжаев, Ш.Жалилов.