Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи-Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ариза жўнатган аёлнинг муаммосига зудлик билан ечим топилди.
Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига дастлабки куниёқ мамлакатимизнинг турли жойларидан мингга яқин ариза, шикоят ва таклифлар тушган бўлса, бугун мурожаатлар сони 20 мингдан ошиб кетди.
Куни кеча урганчлик Зулфия Бекберганованинг муаммосига ҳам ечим топилди. Гап шундаки, жорий йилнинг март ойида Зулфия Бекберганованинг 25 ёшли ўғли Хуррам Қурбоновнинг бош миясида қон қуйилиш ҳолати аниқланган. Шифокорлар уни хорижда даволатишни тавсия қилган. Муолажа учун 8 минг доллар зарур эди. Бекберганова ўтган вақт мобайнида миллий валютани хорижий валютага конвертация қилиш бўйича Хоразм вилоятидаги қатор банкларга мурожаат қилган. Бироқ иши ҳал бўлмагач, фуқаро сўнгги умид сифатида шу йил 26 сентябрда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ариза жўнатган.
“Порталга мурожаат қилганимдан кейин ойлар давомида мени ўйлатган муаммо икки кунда ҳал бўлди. Ўғлимни хорижда даволатиш учун халқаро тўлов картасига етарлича хориж валютасини олганимда, қувончдан йиғлаб юбордим. Мана, биздай оддий фуқароларнинг ҳам дардини тинглайдиган, муаммоларини ҳал қилиб берадиган инсон бор экан-ку, дедим. Бу портал Ўзбекистонда демократиянинг мустаҳкам қарор топишида жуда катта ва муҳим қадамдир”, дейди Зулфия Бекберганова.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига (0 800) 210-0000 ёки 1000 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш (қўнғироқ республика бўйича бепул, фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нарҳи бўйича ҳақ олинади), хат юбориш (pm.gov.uz веб-сайтида келтирилган шаклни тўлдириш орқали) ёки “O‘zLiDeP” ҳудудий партия ташкилоти Кенгашига ташриф буюриш орқали мурожаат қилиш мумкин эди.