Зилзила оқибатида 6 ёшли футболчи — Сантьяго Флорес Мора исмли болакай ҳалок бўлди. Унинг холаси эса...
Бўлиб ўтган мудҳиш воқеадан сўнг ҳалок бўлган болакайнинг холаси ижтимоий тармоқ орқали Роналдуга хабар қолдирган ва Сантьягога тириклик вақтида илҳом бағишлагани учун машҳур футболчига миннатдорчилик билдирган. Яъни марҳум Сантьяго Флорес футбол юлдузи Роналдунинг ашаддий ишқибозларидан бири бўлган.
“...Салом, Криштиану. Хатни ўқийсанми ёки йўқ билмайман, лекин сенга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Жияним Сантьяго Флорес Мора сенинг биринчи рақамли мухлисинг ҳисобланарди.
Минг афсуски, у зилзила туфайли бу ёруғ оламни тарк этди. Агар Сантьяго ҳаёт бўлганида бугун етти ёшни қаршилаган бўларди.
Уни ҳаётлигида илҳомлантирганинг учун сенга катта раҳмат!
Сантьяго ҳам футбол ўйнарди ва сенга ўхшашни жуда истарди. Жияним “Реал” жамоасининг ҳар бир учрашувини қолдирмасдан томоша қиларди, “Роналду, Роналду” дея доим сенга мухлислик қиларди.
Роналду, сенга чин қалбимдан ташаккур айтаман”, дея мурожаатнома йўллаган марҳум Сантьяго Флорес Моранинг холаси.
Маълум бўлишича, Роналду воқеадан таъсирланиб, Жорже Мендешдан Сантьяго Флорес Моранинг оиласи билан боғланишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни Мексикада кучли зилзила содир бўлганлиги ҳақида хабар берган эдик. 7,1 магнитудада содир бўлган табиий офат 250 кишининг қурбон бўлишига сабаб бўлди.
Зилзила эпицентри мамлакат пойтахти Мехикодан 12 киломер узоқда жойлашган Ахочьяпан ҳудуди бўлди.
Шунингдек, зилзила “Америка” клубининг 8 ёшли футболчиси Рауль Алексис Варгас Масиасни ҳам ҳаёт билан эрта видолашишига сабабчи бўлганди.