Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатлари делегациялари раҳбарларини қабул қилиши кутилмоқда.
Учрашувда Арманистон Бош вазири Карен Карапетян, Беларусь Республикаси Бош вазири Андрей Кобяков, Қозоғистон Бош вазири Бакитжон Сагинтаев, Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов, Россия Бош вазири Дмитрий Медведев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев мажлисдаги иштирокини тасдиқлаган.
Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ушбу учрашувда Озарбайжон ва Туркманистондан Бош вазир ўринбосарлари, Молдовадан мамлакатнинг МДҲ устави доирасидаги ва бошқа органлари ҳузуридаги мухтор вакили қатнашади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатлари делегациялари раҳбарларини қабул қилиши кутилмоқда.
МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Тошкентда илк бор ўтаётган мажлиси кун тартибига 18 та ҳужжат лойиҳалари киритилган.
Тор доирадаги йиғилишда МДҲ давлатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари юзасидан эркин фикр алмашиш, шунингдек, Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказиш санаси юзасидан келишиб олиш кўзда тутилган.
Делегация аъзолари иштирокидаги кенгайтирилган мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, жумладан, эркин савдо зонаси доирасидаги ҳамкорлик, нефть ва газ машинасозлиги, мелиорация ва товарларнинг божхона нархлари масалалари муҳокама қилинади.
Анъанага кўра мажлис доирасида Ҳамдўстлик давлатлари делегацияларининг икки томонлама қатор учрашувлари бўлиб ўтади.
МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси тадбирларида расмий делегация аъзолари ва журналистлардан иборат 200 дан ортиқ меҳмон иштирок этиши кутилмоқда.