...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигининг 25 йиллигига бағишланган анжуман ўтказилди


11:05, 01.11.2017 Жамият
 1 563

2016 йилда Ўзбекистон–Қозоғистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил қилди.

Аввалроқ, жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йил тўлиши ва ўтган вақт мобайнида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берган эдик.
 
Кеча, 31 октябрь куни Халқаро ҳамкорлик марказида “Ўзбекистон–Қозоғистон: дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди

Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини кенг нишонлаш ҳам Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2017 йил 16–17 сентябрь кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида имзоланган Қўшма баёнот асосида юқори савияда ташкил этилди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги 1998 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги ҳамда 2013 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар ва бошқа қатор ҳужжатлар асосида мустаҳкамланиб бормоқда.
 
Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро сиёсий майдонда, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича ўхшаш ёки яқин қарашларга эга. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро ташкилотлардаги иштироки давомида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. 

Тадбирда тарихий аҳамиятга эга сана — дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очгани қайд этилди.
 
Жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларида янги саҳифа очилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 22–23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг 16–17 сентябрь кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи томонларнинг узоқ муддатли стратегик манфаатларини белгилаш, икки давлат олдида турган вазифаларни ҳамкорликда ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлар якдиллигининг ёрқин тасдиғи бўлди.
 
Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳасидаги муҳим шерикларидан биридир. Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида қарийб 230 корхона фаолият кўрсатмоқда. Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда 130 дан зиёд корхона тузилган.
 
Ўзбекистондан Қозоғистонга табиий газ, транспорт воситалари, автомобиллар, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш моллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, хизматлар экспорт қилинади. Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой каби маҳсулотлар импорт қилинади. 

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги транспорт коммуникация алоқалари, автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг қайта ишга туширилиши, Тошкент–Олма-Ота йўналишида тезюрар поезд ва икки мамлакат шаҳарларини боғловчи автобус қатновининг йўлга қўйилгани ҳудудлараро маданий-гуманитар алоқалар ривожи, савдо айланмаси ҳамда инвестициялар ҳажмининг сезиларли ошишини таъминламоқда. 

Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017–2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим тузилган. 2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил қилди. Келгусида савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилмоқда. 

Форум якуни бўйича қўшма коммюнике қабул қилинди. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Ўзбекистон–Қозоғистон ҳамкорлиги Дипломатик муносабатларнинг 25 йиллиги Қўшма коммюнике 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар