2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтказилган Халқаро конференцияга ҳам Чавушўғли келиши айтилган эди.
Унда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани иштирок этади.
Сўнгги аниқланган ахборотларга қараганда, Афғонистон бўйича Тошкент конференциясига Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ташриф буюриши кутилмоқда.
Ушбу маълумотни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасидан аниқлашга урундик. Маълум қилишларича, ҳозир ташриф юзасидан мулоқотлар олиб борилмоқда. Чавушўғлининг Ўзбекистонга келиш-келмаслиги узил-кесил ҳал бўлгани йўқ.
2017 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари БМТ шафелигида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам Мавлуд Чавушўғли иштирок этиши керак эди. Бироқ, Туркия ҳукумати Чавушўғлини зудлик билан АҚШга жўнатди. Ўзбекистонга эса Туркия Республикаси Иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи келган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Комилжон Алламжоновнинг маълум қилишича, Афғонистон бўйича Тошкент конференциясида иштирок этиш учун БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Тошкентга келади.
АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф ҳам конференцияда қатнашишини тасдиқлаган.