...
МЕНЮ
ONLINE TV

Машҳур бўлишни истайсизми? “Мафтунингман – 2” фильми учун кастинглар бошланди


22:03, 02.06.2016 Кино
 6 678

“Мафтунингман – 2” фильми учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб ўтказиладиган кастингларда 200 га яқин иқтидорли кишилар танлаб олиниши кўзда тутилган

Дўконлардаги Онлайн-ТВлар ва газета журналлар, ижтимоий тармоқлар саҳифаларида “Мафтунингман – 2” фильми суратга олинаётгани ва бу фильмга оддий одамлар орасидан ҳақиқий истеъдод эгалари танлаб олиниши ҳақидаги хабарларга кўзингиз тушган бўлса керак. Айни дамда “”Мафтунингман – 2” картинасида иштирок этадиган дебютант актёрлар учун кастинглар ўз ишини бошлаш арафасида. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб ўтказиладиган кастингларда 200 га яқин иқтидорли кишилар танлаб олиниши кўзда тутилган. “Qalampir.uz” сайти мазкур лойиҳада бош ахборот ҳамкори сифатида иштирок этмоқда.
 
“Dono Productions” кинокомпанияси томонидан йўлга қўйилган мазкур кастингда иштирок этмоқчи бўлган иқтидор эгалари “Dono.uz”  сайтига ташриф буюрган ҳолда махсус анкетани тўлдиришлари лозим. Кастингнинг энг муҳим жиҳатларидан бири эса унинг бепул эмаслигидир. Одатда бепул ўтказиладиган кастингларда санъатдан умуман хабари бўлмаган, орзуси фақат машҳурлик бўлганлар ҳам қатнашиб, ташкилотчиларнинг вақтини ўғирлайди. Улар сабаб ҳақиқий иқтидор эгалари четда қолиб кетиши ҳам мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда ташкилотчилар кастингда иштирок этиш баҳосини 10.000 сўм этиб белгиладилар. Бу пуллар шунчаки ҳавога сарфланмайди. Аксинча, иштирокчиларнинг кастингда иштирок этишларига шарт-шароит яратиш, биринчи босқичдан ўтган қатнашчиларни камера қаршисида суратга олиб, иқтидорларини синовдан ўтказишга, интернет тармоқлари орқали уларга овоз тўплаш, одамларга таништириш ишларига сарф этилади.
 
Фильмнинг номи нима учун айнан “Мафтунингман – 2” деб номланган, кастинг холис ўтказиладими каби саволлар билан биз “Dono Productions” кинокомпанияси директори Қобилжон Аҳмедовга мурожаат қилдик.
 
— Лойиҳа нима учун “Мафтунингман – 2” деб номланган ё унинг “Мафтунингман” фильми билан боғлиқлиги борми?
Лойиҳанинг “Мафтунингман” фильмига тўғридан-тўғри алоқаси йўқ. Лекин кастинг жараёни худди шу фильмни эслатиб юборади. Ҳар бир вилоятдан иқтидорларни қидириш, касби ва ёшидан қатъи назар истеъдод эгаларига имконият бериш, бутун республикани қамраб олиш ва ҳоказо.
 
Шунинг учун биз ижодий жамоа билан маслаҳатлашган ҳолда, кастинг жараёни учун ишчи номни “Мафтунингман - 2” деб номладик. Кинотеатрга етиб келгунга қадар ном ўзгариши ҳам мумкин.
 
— Кастингларда неча ёшдан иштирок этиш мумкин? Иқтидорли одамларни танлаб олиш, улар имкониятига баҳо беришда нималар инобатга олинади?
Кастингда иштирок этиш учун ёш чегараланмаган. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳамюртларимиз унда қатнашишлари мумкин. Кастинг жараёнида бош қаҳрамон учун номзодларнинг актёрлик, куйлай олиш ва рақсга тушиш маҳорати синчиклаб ўрганилади. Бошқа роллар ва эпизодлар учун номзод маҳоратидан келиб чиққан ҳолда ёндашамиз. Кастинг ҳар бир вилоятда, ўша ҳудуднинг кўзга кўринган мутахассислари иштирокида ўтказилади. Комиссия таркибидан ҳар бир вилоят мусиқали драма театри режиссёрлари, санъат коллежи педагоглари ўрин олишади.
 
Шунингдек, ноёб қобилият эгалари ҳам кастингда иштирок этишлари мумкин. Эсингизда бўлса, “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” фильмида қулоғини ажабтовур қимирлата оладиган навкар фильмга қўшимча “бўёқ” берган. Ўзбекистонда ҳам ноёб иқтидор эгалари жудаям кўп. Улардан фильмда унумли фойдаланиш ниятимиз бор.
 
— Кастингда қандай иштирок этиш мумкин? Бугунга қадар қанча ҳамюртларимиз рўйхатдан ўтди?
— Кастингда иштирок этиш учун “Dono.uz” сайтидаги анкетани тўлдириш лозим бўлади. Анкетадан номзод ҳақидаги барча маълумотлар, фото ва видео материаллар ўрин олган. Анкетани тўлдиргандан кейин номзодга ID рақам берилади. У ID рақам асосида 10 минг сўм пул тўлаши зарур (пулли қилинганига сабаб – кастинга жиддий ёндашишларини таъминлаш, ҳазил-мазах ва кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш). Кастинг иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида республикамиздаги мавжуд барча тўлов тизимлари билан шартнома имзоланган. Яъни, номзод U-Pay, Click, Mbank ва Paynet тўлов тизимлари орқали тўловни амалга ошира олади.
 
Агар интернетда анкета тўлдириш имконияти бўлмаса, номзодлар кастинг ўтаётган жойнинг ўзида қоғоз вариантдаги анкетани тўлдиришлари мумкин. Бунинг учун паспорт ва 3 доно фотосуратни ўзлари билан олиб келишлари керак. Тўлов нақд пул ёки пластик карточка орқали амалга оширилади. Кастинг ўтказиш жойларида (бутун республика бўйлаб) банкнинг сайёр кассаси ташкил этилади ва тўлов банк ходимлари томонидан қабул қилиб олинади.
 
1 июнь соат 13.00 га қадар жами 738 нафар номзод “Dono.uz” орқали анкета тўлдиришга муваффақ бўлди:
 
Қорақалпоғистон Республикаси –  32 нафар
Андижон вилояти – 31 нафар
Бухоро вилояти – 7 нафар
Жиззах вилояти – 30 нафар
Навоий вилояти – 6 нафар
Наманган вилояти – 25 нафар
Самарқанд вилояти – 50 нафар
Сирдарё вилояти – 6 нафар
Сурхондарё вилояти – 12 нафар
Тошкент вилояти ва шаҳри – 397 нафар
Фарғона вилояти – 126 нафар
Хоразм вилояти – 6 нафар
Қашқадарё вилояти – 10 нафар
 
Бу рақамлар сония сайин ошиб бормоқда.
 
 
— Фильмда қанча актёр иштирок этади?
— Фильмда 200 нафарга яқин актёр иштирок этади. Энг асосийси – уларнинг ҳаммаси янги қиёфалар бўлади. Яъни, таниқли актёрлар хизматидан фойдаланмаймиз. Бизнинг бош мақсадимиз – янги қиёфаларни кашф этиш орқали ўзининг улкан жамоаси ва келгусидаги янги лойиҳалар учун номзодлар базасини яратиш.
 
— Бугун, ҳатто, таниқли санъаткорлар иштирок этган фильмлардан ҳам пул топиш жуда қийин бўлиб қолган. “Мафтунингман – 2” сарфланган маблағни оқлармикин?
— Жуда ўринли савол. Ижтимоий тармоқларда жудаям кўп юртдошларимиз шу саволни беришмоқда. Биз янги йўналиш тарафдоримиз. Яъни, бугун ривожланган киносаноат вакиллари фойдаланаётган, синовдан ўтган усулларни Ўзбекистонда амалга тадбиқ этмоқчимиз. Фильмни зўр қилиб олиш, унда қайсидир юлдузнинг иштирок этиши, номдор режиссёрнинг иши бўлиши, олдин муваффақиятларга эришган фильм ижодкорларининг навбатдаги туҳфаси... каби жиҳатлар замонавий киносаноатда ҳеч нарсани ҳал қила олмайди. Аниқроғи, муваффақиятли кассани кафолатламайди. 
 
Тан олиш керак, бугун кинотеатрларда жудаям яхши фильмлар намойиш этиляпти. Лекин 10 кун, 20 кундан кейин прокатни торта олмай, ўрнини бошқа фильмга бўшатиб беряпти. Катта бюджетли фильмлар нари турсин, ҳаттоки 60-70 миллион сўм бюджетли фильмлар ҳам харажатни оқлай олмаяпти. Нимага? Рози бўлсангиз, мен бу саволингизга фильмимиз премьерасидан сўнг жавоб берсам.
 
— Умуман, бугун хусусий киносаноатда мазмун кун сайин саёзлашиб бораётган бир даврда навбатдаги картина билдирилган ишончни нима билан оқлайди? Устига-устак ижодкорларнинг аксарияти санъат борасида етарли уқувга эга бўлмаганлар...
— Жавобни охиридан бошласам. Етарли уқувга эга бўлмаганлар, яъни тажрибага эга бўлмаган актёрлар гуруҳи ўз олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажаради. Уларда тажриба йўқ холос, маҳорати бор. Кастинг бежизга ўтказилмаяпти ахир. Тажрибасизлар қолипга тушиб қолмаган бўлади, демак ундан унумли фойдалансангиз, машҳур актёрларимиздан кўра кўпроқ маҳоратни кўрсатиб бера олади.
 
Хусусий киносаноат (агар шундай деб аташ тўғри бўлса), мен бу ҳақда бирор бир фикр айтишдан ўзимни онгли равишда тияман. Бунга мутахассислар ва томошабин жавоб бергани маъқул деб ҳисоблайман. 
 
Бизнинг картинага билдириладиган ишончни оқлаш учун қуйидаги омилларни муҳим деб кўрсатган бўлар эдим:
 
Лойиҳанинг халқчиллиги. Юртдошларимиз кечагина ўз сафларида юрган, юртимизда турли ҳудудларида истиқомат қилувчи инсонларни катта экранда кўради. 
 
Оммавийлиги. Фильмни тасвирга олиш ишлари бошланмасдан туриб, лойиҳа таниқлиликка эришади. Бошқача айтганда, кастинг ҳам, тасвирга олиш ишлари ҳам омманинг кўз ўнгида амалга оширилади.
 
Ижодий жамоанинг янгилиги. Ишга чанқоқ, юқори мақсадларни режа қилган, тирикчилик ташвишларидан нисбатан ҳоли бўлган, қўпол қилиб айтганда “айнишга улгурмаган” профессионал жамоа лойиҳа устида ишламоқда. Бу омил жуда кўп нарсани ҳал қилиши ҳеч кимга сир эмас.  
 
Ошкоралиги. Биз фильм бўйича ҳар бир маълумотни халққа етказамиз. Қанча одам иштирок этди, кимларни танлаб олинди, бюджет миқдори, рекламага қанча сарфладик ва ниҳоят прокат натижалари. Ҳали ҳеч ким бу маълумотларни очиқ-ойдин маълум қилмаган.
 
Кинокомпания вакиллари ҳали суратга олинмаган фильм, охирига етмаган кастинг ҳақида шу қадар завқ билан гапирардики, бу лойиҳа ҳақиқатан ҳам ўзимизда амалга ошириляптими ёки бу томошабинлар эътиборини тортишнинг яянги йўли, одамларнинг пулини шилишнинг ўша “синалган” усулими, деб ўйлаб қоласан киши. Бироқ кинокомпанияда олиб борилаётган ишлар, кастингга тайёгарлик, сценарий тайёрлашдаги баҳсларга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлгач, юқоридаги гаплар шунчаки лоф эмаслигига амин бўлдик. Кўрамиз, улар берилган ваъдаларнинг устидан қанчалик чиқишар экан...

Теглар:Қобилжон Аҳмедов Мафтунингман – 2 Кастинг 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

abdullayeva sevinch
15:38 13.06.2016

Kastingda ishtirok etmoqchiman xorazmliman yoshim 16-da


Дадилбек
18:54 03.06.2016

Молиявий пирамида уюштирганлар одамларнинг очкўзлигидан фойдаланиб бойишса,“Dono Productions”(номни қаранг!) одамларнинг машхурликка интилишидан фойдаланиб бойишга қарор қилишибдида....Пулли кастинг ғирт "лохотрон" эканини тажрибасиз ёшлар қаерданам билишсин...



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!