Ўзбекистон халқ артисти Абдумўмин Ўтбосаров яқинлари, қариндошлари, дўстларига ўз ўғлининг тўйида бошловчилик қилиш нияти борлиги ҳақида айтган экан. Афсус... Минглаб одамларнинг бахтли кунида қувончларига шерик бўлган диктор ўғлининг тўйини кўрмай кетди.
Сухандоннинг энг яқин дўстларидан бири, сафдоши, ҳамкасби Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев ўз хотираларида Абдумўмин Ўтбосаров вафотидан аввал ҳовли қургани, тўй қилиш ниятида юргани, бироқ ўзи ўғлининг тўйига ета олмаганини айтган эди.
Кеча, 12 ноябрь куни Ўтбосаровлар хонадонида карнай-сурнай наволари жаранг сочди. Абдумўмин Ўтбосаровнинг ўғли Жамшид уйланди. Бу ҳақда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали хабар берди.
Тўйга ўзбек шоу-бизнеснинг энг ёрқин вакиллари, Абдумўмин Ўтбосаровни ҳурмат қилган, эъзозлаган ижодкорлар ташриф буюриб, Ўтбосаровлар оиласини ушбу қувончли кун билан қутлашди. Тошкентдаги “Зебу зар” ресторанида бўлиб ўтган висол оқшомига сухандоннинг шогирдлари, ёш бошловчилар ҳам ташриф буюришган.
Дарвоқе, Ўзбекистон халқ артисти Абдумўмин Ўтбосаров яқинлари, қариндошлари, дўстларига ўз ўғлининг тўйида бошловчилик қилиш нияти борлиги ҳақида айтган экан. Афсус... Минглаб одамларнинг бахтли кунида қувончларига шерик бўлган диктор ўғлининг тўйини кўрмай кетди.