...
МЕНЮ
ONLINE TV

Марказий сайлов комиссияси Президент сайловининг сўнгги натижаларини эълон қилди


17:29, 09.12.2016 Жамият
 5 632

Марказий сайлов комиссияси Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бугун, 9 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари ўқиб эшиттирилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан келган баённомаларга асосан 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчидан 17 миллион 951 минг 667 нафари иштирок этганини аниқланди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,73 фоизини ташкил қилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг натижаларига кўра, Сарвар Садуллаевич Отамуратовни ёқлаб 421 минг 55 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 2,35 фоизи овоз берди, Шавкат Миромонович Мирзиёевни ёқлаб 15 миллион 906 минг 724 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоизи овоз берди, Хатамжон Абдурахмонович Кетмоновни ёқлаб 669 минг 187 нафар сайловчи ёки 3,73 фоизи, Наримон Мажитович Умаровни ёқлаб 619 минг 972 нафар сайловчи ёки 3,46 фоиз сайловчилар овоз берди.
 
Шундай қилиб, натижаларга асосан 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев ғолиб чиқди.
 
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90, 117-моддаларига, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 35, 36-моддаларига, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5, 9-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди.
 
Мажлисда сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаган ҳамда умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш тамойилларига риоя қилган ҳолда бўлиб ўтгани таъкидланди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда Америка, Европа, Осиё ва Африканинг 46 та давлатидан 600 нафарга яқин кузатувчи кузатиб боргани сиёсий кампания демократия талаблари асосила очиқ ва ошкора ўтганининг ёрқин далилидир. Сайлов жараёнини мониторинг қилишда сиёсий партиялардан 37 мингдан ортиқ кузатувчи ҳам фаол иштирок этди.
 
Сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Президент сайловини 615 миллий ва 272 хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан 315 та хорижий ва миллий интернет нашрлари ёритиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ва округ сайлов комиссияларининг матбуот марказлари томонидан мамлакатимиз ва чет элнинг 1 минг 400 нафардан ортиқ журналистлари иштирокида сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган 180 та матбуот анжумани ва онлайн брифинглар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ 22 минг 700 дан зиёд мақола ва ахборот материаллари эълон қилинди, кўрсатув ҳамда эшиттиришлар эфирга узатилди.
 
Мажлисда қайд этилганидек, 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ўз олдига қўйган буюк мақсадлар йўлида – дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш, юртимизни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан модернизация қилиш, халқимиз учун эркин, тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш борасида яна бир улкан қадам қўйганини, таъбир жоиз бўлса, мустақил тараққиётининг янги даврига кириб бораётганини яққол намойиш этди.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Марказий сайлов комиссияси Президент сайлови Сайлов натижалари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар