...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мамлакат имижида миллий архитектуранинг ўрни


11:48, 09.12.2017 Жамият
 2 969

Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва Хива меъморчилик мактаблари бугунги кунда ҳам турли хорижий давлатлардан ташриф буюраётган сайёҳлар, ЮНЕСКО нинг экспертлари ва олимлари эътиборини тортмоқда.

Дунёда исталган мамлакатни олиб қараманг, у ўз меъморчилик анъаналари билан ажралиб туради. Бирор ҳудуд ҳақида гап кетиши билан айнан ўша жойга хос бўлган бетакрор бинолар, иморатлар кўз ўнгингизда гавдаланади. Шу боисдан ҳам миллий архитектурани ҳеч иккиланмасдан миллий имижнинг муҳим бир бўлаги сифатида эътироф этиш мумкин.
 
Мамлакат имижи бўйича тадқиқот олиб бораётган қатор хорижлик олимлар, хусусан даниялик профессор Ларс Кабел ўз методологик изланишларида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, унинг таркибий қисмлари, оммавий ахборот воситаларида ёритилиши масаласига алоҳида эътибор қаратади.
 
Айни маънода ўзбек миллий архитектураси ўзининг минг йиллик бой анъаналари кесимида дунё жамоатчилиги, мутахассислари томонидан ўрганилмоқда ва илмий жиҳатдан тадқиқ этилмоқда. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва Хива меъморчилик мактаблари бугунги кунда ҳам турли хорижий давлатлардан ташриф буюраётган сайёҳлар, ЮНЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари ва олимларининг эътиборини тортиб келмоқда.
 
Дунё мамлакатлари орасида Япония, Ҳиндистон ва Британия меъморчилик анъаналари ҳақида ҳам айнан шундай фикрларни қайд этиш мумкин. Сир эмас, ҳар бир ҳудудда иморатларни бунёд этиш жараёнида, аввало, мавжуд иқлим шароити, аҳолининг урф-одатлари, турмуш тарзи, дини ва маданияти эътиборга олинади.
 
Мисоллар жуда кўп. Япония пойтахтидаги осмонўпар бинонинг юқорисида жойлашган шинамгина ресторан миллий услубда безатилганини кўриб, очиғи, ҳавасингиз келади. Тўғри-да, 75-қаватда татами устидаги хонтахтада ўтириб, лағмон ёки суши танаввул қиларкансиз, бутун бир шаҳарни гўёки кафтингизда кўргандек томоша қилишга нима етсин. Меҳмонхоналарда полга, яъни татами (бўйра) устига жой солинадиган хоналар Европача усулдаги хоналардан камида тўрт баробар қиммат туриши ҳам ибрат бўлиши мумкин.
 

 
Айтмоқчи, дунёда аҳолиси энг зич жойлашган Токио шаҳрида ҳанузгача миллий услубда қурилган бир ёки икки қаватли бинолардан иборат маҳаллалар талайгина. Уларнинг бетакрор тафти, руҳияти ва файзини бир марта шу кўчалардан ўтган одам узоқ йилларгача эслаб қолиши табиий.
 
Ҳиндистонда Бобурийлар қолдирган тарихий-маданий меърос ҳозирги XXI асрда ҳам мутахассисларни ҳайратда қолдириб келмоқда. Афсонавий Тожмаҳал, Қизил қалъа, Қутб минор – жаҳон архитектурасиниг шоҳ асарлари қаторига кириши бежиз эмас. Биргина Жайпурда 1799 йилда қурилган Ҳаво Маҳал саройи ҳали ҳамон олимлар учун жумбоқлигича қолмоқда.

 

Ташқарида қилт этган шамол бўлмаса-да, бино қаватлари орасида ҳар доим шивиллаб шамол ўтиб туришини ҳеч ким тушунтириб беролмойди.
 
Эрамиздан олдинги 43-69 йилларда Қадимги Рим колонизациясидан чиққан Британия миллий архитектураси кейинчалик турли дин ва маданиятлар қуршовида қолган. Асрлар давомида Роман, Готика, Барокко, Классицизм каби қатор услублар урф бўлиб келган.
 
Ўтган асрнинг 80- йилларидан жорий этила бошланган Постмодернизм ва High Tech йўналишлари ҳам тез орада таниқли экспертлар эътирофига сазавор бўлди. Бироқ, нима бўлганда ҳам анъанавий инглиз уйларининг қувурлари ҳали ҳамон бинонинг ташқарисида жойлашади.
 
Замонавий миксерларнинг минг хили бўлса-да, маҳаллий одамлар иссик сувнинг алоҳида ва совуқ сувнинг алоҳида жўмракдан оқишини маъқул кўрадилар. Шу боисдан бўлса керак бугунги кунда Британия дунёда ўз меъморий анъаналарига содиқ қолаётган энг етакчи давлатлар қаторига киради.

Ўзбекистондаги қадимий меъорчилик анъаналарини ҳудудлар кесимида, хусусан Бухоро ва Хива мисолида қуйидагича тавсифлаш мумкин.

Бухорода анъанавий уй асосан 1-2 қаватдан ташкил топади. Шунингдек, унда озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй ҳайвонлари сақланадиган ертўла ҳам мавжуд бўлган. Унинг характерли жиҳати шундаки, ёзги хоналар шимолга ва қишки хоналар эса жанубга қаратиб қурилган. Уй эгасининг имкониятидан келиб чиққан ҳолда, қатор хоналар ўз йўналиши – Шимол ёки Жанубга қаратилганлиги билан ажралиб туради. Айнан шундай бўлиниш орқа ҳовлида ҳам давом эттирилади. 
 

 
Безакларга бой, кўп устунли айвон айрим ҳолатларда ёзги хона ёнида жойлашади. Бироқ ҳар доим ҳам бундай бўлиши шарт бўлмган. Айвон ёз пайтида салқин ҳаводан роҳатланиш имкониятини беради. Ўртаҳол хонадонлар кўпинча айвонга эга бўлмаган, уларда асосан қулай шийпон ёки бостирма мавжуд бўлган. Бироқ кундуз куни ўтириш ва кечқурун ухлаш учун одатда уй томида торгина айвончалар қурилган. Яшаш хоналари ички ҳовлида кичик айвон атрофида жойлаштирилади.
 
Бундай нафис кўриниш кўпинча айвонча ёки ним-айвон деб аталади. Пишган ғишт билан ўриб чиқилган баланд ва очиқ айвонлар аксарият анъанавий Бухоро уйларига хосдир. Асрлар давомида лой (пахса) ва ғишт (хом ёки пишган) уй қурилишидаги асосий материал ҳисобланган. Ҳар иккала материал ҳам йил давомида ҳаво ҳароратида кузатиладиган кескин фарқка (қишда -30°C дан бошлаб, ёзда +40°C дан ошиқроқ даражагача) мослаштирилган ва улар уй ичкарисида мукаммал микроиқлим шароитини яратади.
 
Ташқи ҳовлидан ички ҳовлига олиб борадиган йўлак ертўла коридори орқали ўтади. Ертўланинг қолган барча хоналари ёрдамчи хоналардан иборат бўлган.
 
Шаҳар уйлари дарвозаларидаги эшик полотнолари одатда кичик бўлган. Дарвоза ва эшиклар кўпинча чиройли безатилган. Эшик ва қопқоқларнинг энг кўп тарқалган тури Боғдодий деб аталган. Анъанага кўра, қадимги даврларда эшикларнинг ошиқ-мошиғи бўлмаган. Улар остона ини ва устунда жойлашган тиканаклар билан тўғри ушлаб турилган. Бухоро уйларининг кириш эшиклари уларга осиб қўйиган ҳалқалар, яъни тақиллатгичлар шакли билан ҳам ажралиб турган. Айни мақсадда баъзан қўнғироқлардан ҳам фойдаланилган.
     
Хивадаги анъанавий уйлар ниҳоятда кенглиги ҳамда асосан бинонинг фасад қисмидаги ёғоч ўймакорлигидан иборат бир томонлама безак билан чекланганлиги туфайли фавқулодда ўзига хослик касб этади.
 

 
Хива уйи кўпинча бир-бирига қараган иккита айвони бор тўғри бурчакли ички ҳовлидан ташкил топади: баланд айвон шимолга қаратилган бўлиб, у улли (катта) айвон деб номланади, унинг орқасида ёзги хона (сарой) ва бошқа шунга яқин хоналар жойлашади.
 
Улли айвоннинг қарама-қаршисидаги пастроқ айвон, яъни хизмат саройи – терс айвон деб аталади. Хиванинг марказий қисми ҳисобланган Ичон қалъадаги уйлар ички ҳовлисининг очиқ жойи ҳажм жиҳатдан тобора торайиб ёки йўқ бўлиб кетмоқда. Бунинг сабаби шаҳар тузилишидаги зичлик билан боғлиқдир.
 
Уйларнинг ичида аксарият ҳолатларда бир қаторли каркасли девор қурилишларини кўриш мумкин; токча ва жавонлар ниҳоятда кам учрайди. Уйни иситишга мўлжалланган печкаларнинг мўриси мавжуд эмас ва олов бевосита полнинг устида ёндирилган. Бундай ҳолат хона интерьерини безатишга тўсқинлик қилган. Деворлар ганч билан қопланиб, шифт балкалари қайта ишланмаган ходалар ҳамда дарахт шохларидан ташкил топади.
 
Бунинг акси ўлароқ, нақшларнинг ўзига хослиги, усталар томонидан юқори маҳорат билан ишланган ўйма нақшли баланд устун ва эшиклар борки, улар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида учрамайди. Хоналарнинг юқори қисмидаги туйнукларга ўрнатилган панжаралардаги оддий, бироқ жозибадор нақшлар деворнинг устки сатҳини текис, бир маромда кўрсатади. Гўзал ўйма нақшли нафис устун – Хива анъанавий уйининг энг ажойиб безагидир.
  
Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, миллий архитектура мамлакат имижининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Шундай экан, унинг бой ва бетакрор анъаналарини давом эттириш орқали нафақат қулай, ўзига хос шарт-шароитга эга бўлишимиз, балки  бугунги глобаллашув даврида серқуёш диёримизнинг бетакрор қиёфасини янада мустаҳкамлашга ҳам эришишимиз мумкин.
Беруний Алимов, тадқиқотчи

Теглар:Мамлакат имижи Миллий архитектура Япония меъморчилиги Ҳиндистон меъмочилиги Хива ва бухоро архитектураси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар