Шу кунларда ҳаж сафарида бўлган юртдошларимиз Ислом Каримов вафоти муносабати билан Маккада йиғилиш ўтказишди.
Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Макка вақти билан соат 21:00 (Тошкент вақти билан соат 23:00)да ишчи гуруҳ штабида гуруҳ аъзолари ва раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида диний соҳада амалга оширилган буюк ишлар ва улкан ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтилди ҳамда Юртбошимизнинг оила аъзоларига, яқинларига ва бутун халқимизга таъзия изҳор қилинди ва самимий ҳамдардлик билдириб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг сайтида келтирилишича, кеча, 3 сентябрь куни Маккада Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ғоибона жаноза намози ўқилди. Унда юртдошларимиз Президентимиз охиратлари обод бўлишини сўраб, дуо қилдилар. Ўзаро бир-бирларига сабр-тоқат тиладилар.
Шунингдек, ҳожилармиз муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига хатми Қуръонлар ўқидилар ва Умра амалларини Масжидул Ҳарамда адо этиб, савобини муҳтарам Президентимиз руҳониятларига бағишладилар.