Энергия ресурсларини етказиб бериш соҳасида суиистеъмолчиликка йўл қўйилиши оқибатида сунъий қарздорлик вужудга келтирилган.
Аҳолининг кенг қатламида мазкур ташкилот фаолиятига қизиқиш билдирилаётганини инобатга олиб, ЎзА мухбири Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаев билан суҳбатлашди.
Ботир Қудратхўжаевнинг айтишича, энергия ресурслари билан боғлиқ барча ҳолатларни тизимли ўрганиш давомида (фармон қабул қилингандан кейинги 40 кунда) 432 қонунбузарлик аниқланди. Улар юзасидан 67 жиноят иши, 365 маъмурий иш қўзғатилди.
Назорат тадбирлари давомида асосий эътибор электр энергияси ва табиий газ етказиб берувчи корхоналарнинг ўз вазифаларига совуққонлик билан қараган, ваколатини суиистеъмол қилган мансабдор шахслари фаолиятига қаратилмоқда. Уларнинг дебиторлик қарздорликни қисқартириш бўйича лозим даражада чора кўрмай қилган масъулиятсизлигига қонуний баҳо берилади. Чунки ўтган даврда улар томонидан бу борада 44,8 миллиард сўм қарздорлик вужудга келишига йўл қўйилган. (Бунинг 40,4 миллиард сўми электр энергияси бўйича, қолгани табиий газ бўйича). Бундай ҳолатлар бўйича 12 жиноят иши қўзғатилди.
Мисол учун, Оқолтин тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари олдиндан эллик фоиз тўловни тўламаган 186 юридик шахсга 286,6 миллион сўмлик электр энергияси етказиб берган. Бу йўналишда 888 миллион сўм қарздорлик вужудга келган бўлса ҳам, уни ундириш чораларини кўрмаган.
Энергия ресурсларини етказиб бериш соҳасида суиистеъмолчиликка йўл қўйилиши оқибатида сунъий қарздорлик вужудга келтирилган. Аниқроқ айтганда, турли йўллар билан ишлатилган, базага киритилган бундай қарздорликни “ёпиш” учун улар аҳолига тақсимланган. Мисол учун, “Юнусободтумангаз” ва “Шайхонтоҳуртумангаз” корхоналари масъул шахслари газ истеъмоли бўйича белгиланган тартибда ҳисоб-китоб ва назорат ишларини етарли даражада амалга оширмагани туфайли 3,4 миллиард сўм қарздорлик вужудга келган. Бу борадаги камомадни қоплаш учун улар бу суммани аҳолига “юклаган”.