ЕЧЛнинг бу йилги фаворитлари қайси жамоалар?
“Реал” Мадрид
Мана, уч йилдирки, “Қироллик клуби”ни ҳеч қайси жамоа “тахтдан ағдара олмаяпти”. Аксарият спорт таҳлилчилари “Реал” жамоаси мураббийи З.Зидан ва етакчи ўйинчи Роналду жамоани тарк этганидан сўнг сезиларли равишда кучсизланганини таькидлашса, бошқалари Роналдусиз “Реал” анчагина эркин ҳамда жамоавий футбол кўрсатаётганини, шунингдек, испан Хуан Лопетегининг фалсафаси жамоага мос тушаётганини айтиб ўтмоқдалар.
Ҳақиқатан ҳам, Ла Лига баҳсларида жамоа футболчилари Бейл, Бензема ва Иско анча эркин ҳаракат қилишмоқда. Ҳатто, Бензема тўпурарлар пойгасида Месси билан рақобатлашмоқда. Жамоа Ла Лиганинг дастлабки уч ўйинида ишонарли ғалабаларга эришган бўлса-да, 4-турда Билбаонинг “Атлетик” жамоаси билан очколарни бўлиб олишга мажбур бўлди.
Бир ўйин билан хулоса қилиш эрта, лекин жамоа кучли рақибларга қарши баҳс олиб борганда мадридликлардан ким Роналдудек етакчи голеадор бўлар экан?! Хуан Лопетеги-чи? У Зидан каби ротацияли футболни намойиш этиб, иккита фронтда муваффақиятли иштирок эта оладими? Бу саволларга “Рома” билан бўладиган дастлабки тур учрашуви оз бўлса-да жавоб бериши мумкин.
“Барселона”
Месси ва унинг жамоадошлари бир неча йиллардан буён ЧЛда фақатгина “Реал”нинг ютуқларига “қарсак чалиш” билан чекланмоқдалар. Ўтган мавсумда Неймарсиз қолган жамоа Коутинё ва Дембеле ҳисобига анчагина кучайди ва бир мавсум давомида улар жамоага мослашдилар. Бир қарашда Месси, Суарес, Дембеле ва Коутинё квартетини тўхтатишнинг иложи йўқдек кўринади. Аслида… Аслида эса ҳужум квартетининг уч а’зосида (Мессидан ташқари) барқарорлик етишмаяпти. Коутинё ва Суарес доимо сермаҳсул ўйин кўрсата олмаётган бўлсалар, Дембеле кўп ҳолларда жараҳотлар исканжасига тушиб қолмоқда. Бундан ташқари, Иниеста жамоани тарк этганидан кейин жамоада плеймекерлик масаласи мураккаблашди. Бундай ҳолда Мессининг ҳужум ортида ўйнаши ва жамоада асосий плеймекер бўлишини кутиш мумкин. Жамоада асосий гол урувчи футболчи Месси эканлиги ҳисобга олинса, бу ҳолат жамоа сардорининг эндиликда икки маротаба кўпроқ меҳнат қилишини англатади. Зеро, аввалари Хави ва Иниеста узатган тўпларни голга айлантириш билан шуғулланувчи Месси эндиликда кўп ҳолларда бу икки вазифани бир ўзи зиммасига олишини кутиш мумкин. Бу эса, ўз навбатида “Барселона” рақибларини, асосан, ҳимояда Мессини “қуролсизлантириш” тактикаси билан ўйнашларига олиб келади. Бу каталонияликларни тўхтатиши ёки аксинча ҳужум квартетини қолган аъзоларини майдонда эркинроқ ўйнашларига имконият яратиб бериши мумкин. Юқоридагилар инобатга олинган ҳолда “Барселона”ни ҳам яққол фаворит дейиш мушкул.
Унутмаслик керакки, Барсанинг гуруҳдаги рақиблари ҳам анойи эмас. Улар ёзда Врсалко, Бакойоко, Наингголан, Асамоа, Де Врейлар билан кучайган “Интер”, ўтган йили “Реал”ни ютган “Тотенҳем” ҳамда уларга бош оғриқ бўлиши кутилаётган ПСВ жамоаларидан иборат.
ПСЖ
Мана бир неча йиллардан бери ўз олдига Европада чемпион бўлиш масаласини қўйган ва бу борада маблағни аямаётган қатарлик инвестор қўлидаги ПСЖ жамоаси ўз мақсадига эриша олмаяпти. Бу борада жамоага тажриба етишмаётгани бот-бот такрорланмоқда. Ўтган мавсумда “Реал”га ва ундан олдинги мавсумда “Барселона”га имкониятни бой берган парижликлар мағлубиятини фақатгина тажрибасизлик билан боғлаш мумкин, назаримизда. Чунончи, дастлабки ўйинда 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, бир оёғи билан кейинги босқичга қадам қўйган жамоани ҳеч ким “Ноу Камп”да олти гол ўтказиб юборишини кутмаган эди.
Франция чемпионатининг ўтган беш туридаги 100 фоизлик кўрсаткични янги мураббий Томас Тухелнинг маҳорати, дейиш фикридан йироқмиз. Зеро, бундай таркиб билан Лига 1да дастабки беш турдаги рақибларни бошқа мураббийлар ҳам амалга ошириши эҳтимоли юқори. Умуман олганда, Франция чемионатида ПСЖга қаршилик қилувчи жамоа бир неча йиллардан бери мавжуд эмас ва бу ҳолат жамоага ҳам салбий, ҳам ижобий жиҳатдан таьсир қилмоқда. Масаланинг ижобий томони ПСЖнинг ҳеч қандай қийинчиликсиз Лига 1нинг чемпиони бўлаётгани бўлса, Чемпионлар Лигасидаги муҳим ўйинларига тайёргарлик кўриш учун Франуияда “спарринг” рақибларни топилмаётгани салбий ҳолат бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, бу жараён бу йил ҳам давом этади.
Нима бўлганда ҳам ПСЖ ўтган йилга қараганда, бу йил кучлироқ. Сабаби жамоавий ўйин бу йил анча ўсганлиги кузатилмоқда. Неймар жамоага анчагина мослашган ва ўз орзуси бўлган “Олтин тўп”ни олиш учун ЧЛда ғолиб бўлиш лозимлигини яхши билади.
Мбаппе ҳам сезиларли равишда улғайган ва бу борада Жаҳон чемпионати унга катта тажриба бўлди. Шунигдек, Тухел Неймар-Кавани-Мбаппе триосига асосий таркибдан жой берган ҳолда тажрибали Ди Марияни қўшиб квартетга айлантиргани эса жамоанинг олдинги чизиғини анчагина кучайтирди. Жамоа ўтган мавсумдаги ҳимоя ва ярим ҳимоя вакилларини сақлаб қолганлигини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, ЧЛда ПСЖдан максимал натижа кутиш мумкин.
“Ливерпул”
Чемпионлар Лигаси фаворитлари ҳақида сўз юритилар экан, бу борада Ливерпул жамоасини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Ўтган мавсумда ЕЧЛнинг финалига қадар етиб борган “мерсисайдликлар” жамоасининг бу йилги асосий мақсади Премер Лига чемпионлиги ҳамда ЕЧЛ ғолиблиги экан. Бу ҳақида жамоа етакчиси Муҳаммад Салоҳ ҳам айтиб ўтди. Жуда ҳам мураккаб масала бўлса-да, ушбу натижаларни жамоадан кутиш мумкин. Бунга бир неча сабабларни келтириш мумкин.
Биринчидан, жамоанинг ўтган мавсумда юқори даражада шаклланган таркиби деярли сақлаб қолинди. Фақатгина “Юветус” йўл олган Эмре Жаннинг ўрни Наби Кейта билан тўлдирилди.
Иккинчидан, жамоанинг ожиз нуқтаси ҳисобланган дарвозабон масаласи “Рома”дан Аллисон Беккернинг трансфер қилиниши билан бартараф этилди.
Учинчидан, жамоа бир очко олиш ҳам мураккаб ҳисобланувчи Премер Лигада 5 та турда 100 фоизлик натижа қайд этди. “Тотенҳем” билан ўйинда жамоанинг анча эркин футбол намойиш этганини ва рақибини деярли қийинчликсиз енггани кузатилди.
Танганинг иккинчи томонини олганда, жамоа ўз мақсади йўлида айрим муаммоларга ҳам учраши мумкин. Буларнинг энг асосийси Англия футбол мусобақаларининг тиғизлиги ҳамда “қизиллар”нинг захира имкониятларини чекланганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундан ташқари, жамоа ўйинининг Муҳаммад Салоҳга боғланиб қолганлиги у майдонга тушмаган ёки “ўйини ўхшамаган” ҳолатларда Ливерпул зарарига ишлаши мумкин.
Нима бўлган тақдирда ҳам “Ливерпул”нинг ЧЛда ғолиб бўлиш тажрибаси етарлича ва таркибдаги аксарият футболчиларнинг ўтган йили ЧЛ финалида ўйнаганлиги ҳисобга олинса, жамоа ғолиблик учун кураша олади.
Айтганча, бугун афсонавий “Энфил Роуд”да чемпионлик учун курашаётган икки топ клуб: “Ливерпул” ва ПСЖнинг ўзаро баҳси бўлиб ўтади. Бу баҳс юқорида сиз билан ўртоқлашган фикрларимизи маълум маънода исботлайдими ёки йўқ, бу саволга биз кечки 00:00 дан бошлаб жавоб олишимиз мумкин.