Ушбу теракт юзасидан турли мамлакат президентлари, жумладан, АҚШ, Россия, шунингдек, Қозоғистон Президентлари Тереза Мэйга ҳамдардлик билдиришди.
Маҳаллий вақт билан соат 14:40да (Тошкент вақти билан соат 19:40) сайёҳлар гавжум ҳудуд Вестминстер кўпригида ҳаракатланаётган машина бир қанча кишини босиб ўтиб, пиёдалар йўлакчаси четидаги тўсиққа урилди. Машина ҳаракатланишда давом этиб, парламент биноси олдида тўхтади ва ундан чиққан террорчи полиция ходимига ҳужум қилди. Полициячи кейинчалик вафот этган, бошқа бир полициячи террорчини отиб ташлаган.
Тереза Мэйнинг сўзларига кўра, теракт учун жой тасодифан танланмаган. "Террорчилар ҳужум нуқтасини тасодифан танлашмайди, айнан шу ерда, пойтахтимиз марказида, парламент биноси атрофида турли маданиятлар вакиллари тўпланишади, бу биздаги демократия ифодасидир", дейилади бош вазир мурожаатида.
Терактдан кейин полиция парламент биноси ҳамда бош вазир қароргоҳини ўраб олди, "Вестминстер" метро бекати ва атрофдаги кўчалар ёпилди, "Лондон кўзи" мажмуаси фаолияти тўхтатилди.
Айни вақтда Вестминстер кўприги ёпиқлигича қолмоқда, бу ҳудудда полиция назорат ўрнатган. Парламент биносини ўраб турган ҳалқа ечилган.
Парламент 23 март кунидан фаолиятини давом эттиради, Шотландия ассамблеяси (парламенти) Лондонда юз берган теракт муносабати билан ҳудуднинг мустақиллиги масаласида ўтказиш режалаштирилаётган референдумга доир дебатларни тўхтатган.
Бирмингем ва Лондондаги рейдлар натижасида Вестминстердаги терактга алоқадорликда гумонланаётган 7 нафар шахс ҳибсга олинди. Қидирув ишлари давом этмоқда.
Ҳозиргача ушбу теракт юзасидан турли мамлакат президентлари, жумладан, АҚШ, Россия, шунингдек, Қозоғистон Президентлари Тереза Мэйга ҳамдардлик билдиришди.