“Ушбу масжидни қайта тиклаш ишларини бошлаган пайтимизда, унга раҳматли падари бузрукворимнинг номлари берилишини ҳаёлимизга ҳам келтирманган эдик”, дейди Лола Каримова-Тилляева.
Ҳозиргача дунёнинг кўплаб мамлакатлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон ҳукуматига ҳамда марҳумнинг оила аъзолари – турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тилляева таъзия билдиришмоқда.
Бугун, 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, Ўзбекистон гимнастика федерацяисининг президенти Лола Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали Тошкент шаҳрида ўтган йили ёниб кетган “Жўрабек” жомеъ масжиди қайта тиклангани ва у ерга “Ислом ота” жомеъ масжиди номи берилгани ҳақида хабар қилди.
Лола Каримова-Тиляяева, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, Ўзбекистон гимнастика федерациясининг президенти:
Азизлар, Зулҳижжа ойининг ушбу муборак кунларида хушхабар билан сизлар ила ўртоқлашмоқчиман. Тошкент шаҳримизнинг энг қадимий масжидларидан бири бўлмиш, “Фарғона йўли” кўчасида жойлашган жомеъ масжидининг янгиланган биноси қурилиши тез кунларда ниҳоясига етади.
Масжиднинг биноси 2015 йилнинг баҳор ойида содир бўлган ёнғин натижасида деярли буткул вайрон бўлган эди.
Ушбу масжидни қайта тиклашдек савобли ишни бажариш бахтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар айтаман.
Мамлакатимиз диний уламолари ҳамда кенг жамоатчилик таклифига биноан намозгоҳга “Ислом ота” жомеъ масжиди номи берилди.
Оллоҳ таолодан раҳматли отамнинг диний қадриятларни тиклаш, Ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва эл фаровонлиги йўлидаги солиҳ амалларини қабул айлаб, Ўз мағфиратига олиши ҳамда охиратларини обод этишини илтижо қиламиз.
Масжидни тиклаш ишлари ўтган йилнинг сўнгида бошланиб 9 ой давом этди. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Энди масжидда 560 киши намоз амалларини адо этиши мумкин.
Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат.
Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилдилар. Масжид биносининг ички ва ташқи томонларидаги кўплаб нақшлар ҳам Марказий Осиё меъморчилик мактаби анъаналарига мансуб ҳолда яратилди. Масжид ичкарисида гумбаз ва деворларга муқаддас Қуръони Карим оятлари малакали ҳаттотлар томонидан ганч билан ишланиб ёзилган.
Янги қурилган мажмуада кутубхона ва таҳорат хоналари ҳам барпо этилди. Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.
Тошкент шаҳрининг энг эски масжидларидан бири саналмиш ва уч юз йиллик тарихга эга “Ислом ота” масжидининг қайта тикланиши – халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини сақлаб қолишга ёрдам берувчи чинакам тарихий ҳодисадир.
Аждодларимиздан қолган шундай бир ибратли маълумот борки, Буюк ипак йўли бўйлаб Тошкент томон ойсиз тунларда қатновчи карвонлар қоронғуда узоқдан ушбу масжиддан таралиб турган нурни кўриб у томон юриб келишаркан. Ушбу файзли даргоҳда турли йилларда Мулла Нофий домла, Исҳоқ Маҳдум домла, Исмоил Маҳдум домла, Аҳмаджон домла ва Раҳматилла Қори домла хизмат қилиб келганлар. Бугунги кунда масжиднинг имом-хатиби вазифасида Абдулҳаким Қори домла хизмат қилиб келмоқдалар.
“Ислом ота” масжиди бундан кейин ҳам Ислом динининг эзгулик, тинчлик, меҳр-мурувват, раҳмдиллик, муҳтожларга ёрдам бериш каби қадриятларини тарғиб қилувчи муҳим маънавий-диний маскан бўлиб қолишини Оллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Ушбу масжидни қайта тиклаш ишларини бошлаган пайтимизда, бу табаррук даргоҳ отамнинг оламдан ўтганларидан озгина вақтдан сўнг қайта очилиб, унга раҳматли падари бузрукворимнинг номлари берилишини ҳаёлимизга ҳам келтирманган эдик.