Каримова Фонднинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаси орқали баёнот берди, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга миннатдорлик билдирди.
Кўпчиликка яхши маълум, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева оиласи билан АҚШда яшаяпти. У Москвада ўтган маросимда ҳам қатнашгани йўқ. Бироқ, Фонднинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаси орқали баёнот берди, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга миннатдорлик билдирди. Унда шундай ёзилади:
“Москва маъмурияти билан эришилган келишувга мувофиқ, 2017 йилнинг баҳорида Каримов Фонди Россия пойтахтида Ислом Каримов хотира ёдгорлигини лойиҳалаш, тайёрлаш ва ўрнатиш бўйича ишларни амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олди. Мазкур масканнинг боғ-хиёбон ҳудуди Москва маъмурияти томонидан Каримов Фонди билан ҳамкорликда ободонлаштирилди.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Президент Ислом Каримов миллатлараро бағрикенглик ҳамда Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратган.
Янги хиёбон Россия ва Ўзбекистоннинг маданиятлараро лойиҳаси бўлиб, у икки халқнинг эзгу истагини, шунингдек, замонавий санъат ҳамда Марказий Осиёнинг қадим маданияти уйғунлигини намоён этади.
Каримов Фонди номидан Россия Федерациясининг Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Москва шаҳри мэри Сергей Собянин, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг ҳукуматларига катта миннатдорлик билдираман.
Монументал мажмуа ва хиёбон устида иш олиб борган бир қатор инсонларга ҳам ўз чуқур ташаккуримни айтаман:
Пол Дэй – машҳур британиялик хайкалтарош, Ислом Каримовга Москвада ўрнатилган ёдгорликнинг муаллифи;
Сергей Рубалевский – хиёбонни ободонлаштириш дизайни устида ишлаган меъмор ва дизайнер;
Азам Абдуллаев – лойиҳанинг бош координатори;
Оқила Тоирова – лойиҳа координатори.
Шунингдек, Ислом Каримов номи билан аталган хиёбонни қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш лойиҳасини амалга оширишга ҳамда Москвада ўрнатилган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкалини инаугурациясига қўшган ҳиссалари учун Москва шаҳри ҳукумати, Россия пойтахти Марказий маъмурий округи Префектураси, Москва шаҳри Маданий мерос департаменти, Москва шаҳри Турар-жой коммунал хўжалиги Департаменти “Марказий маъмурий округининг автомобил йўллари” давлат бюджет ташкилоти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Маъмурияти, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Россия, Беларусь Республикаси ва Германиядаги элчихоналарига самимий миннатдорлигимизни билдирамиз”.