...“Насаф” клубининг мухлислари, билиб қўйинг, агар яна шундай ҳаракатларни такрорласангиз, жамоанинг келгуси уй учрашувлари бўм-бўш стадионда ўтказилади!
Мазкур учрашув якунлангандан сўнг аввал қаршилик мухлислар Лобановни ҳақорат қилишади. Дарвозабон бунга жавобан бир мухлисга ташланишга ҳаракат қилади, бироқ бу вазиятда уни жамоадошлари тўхтатиб қолишган.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ташкилотининг Тартиб-интизом қўмитаси 19 ноябрь куни Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтган “Насаф”–“Пахтакор” учрашувидан сўнг стадиондаги мухлислар ва “Пахтакор” клуби дарвозабони Александр Лобанов ўртасида юз берган воқеани ўрганиб чиқди.
Таъкидлаб ўтганимиздек, ўйиндан сўнг Александр Лобанов майдонни тарк этар чоғида “Насаф” клуби мухлислари унинг шаънига нолойиқ сўзларини йўллаб, ҳақорат қилишган. “Пахтакор” дарвозабони эса бунга “ноўрин ҳаракатлар” билан жавоб қайтарган.
Мазкур ҳолат ПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилгач, футболчи Александр Лобановнинг ҳаракатлари сабаб унинг жамоаси “Пахтакор” клубига 50 000 000 (эллик миллион) сўм миқдорида жарима белгиланди.
Ўз навбатида, “Насаф” клуби мухлисларининг мухлислик маданиятига зид ҳаракатлари сабабли жамоа 100 000 000 (юз миллион) сўм миқдорида жаримага тортилди.
Бундан ташқари, агар келгусида шундай ҳаракатлар такрорланадиган бўлса, ҳар икки клуб бунданда кескинроқ тарзда жазоланиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, “Насаф” клуби мухлислари томонидан шундай ҳаракатлар такрорланса, жамоа келгуси уй учрашувларини мухлисларсиз ўтказади.
Бу ҳолатда “Насаф” мухлисларини тушуниш мумкин, чунки Лобановнинг хурмача қилиқларини улар терма жамоа ва “Пахтакор”нинг бошқа ўйинларида ҳам кўп кўришган.
Тўғри, улар Лобановни ҳақорат қилишди, лекин профессионал мақомига эга дарвозабон мухлисларга нохулқий тарзда жавоб қайтариб, ўзининг қандай одоб-аҳлоқга эга эканлигини кўрсатиб қўйди.
Битта Лобановнинг касофатига Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган жамоалари “Пахтакор” ва “Насаф” жаримага тортилди. Балки Александрга жарима миқдори қанчалигининг аҳамияти умуман йўқ бўлиши мумкин.
Аммо Александр Лобановнинг юқоридаги қилиғи уни бир умр футболдан четлатишга ҳам лойиқ деб ўйлаган бўлардим. Таажжубки, ушбу таклифга қўшиладиган инсонлар, аниқроғи қўллаб-қувватлайдиган мухлислар Ўзбекистонда кам эмас.
Жумладан, Александр Лобанов ҳатто ўз клуби “Пахтакор” раҳбариятининг ҳам кўзига ҳозир унчалик яхши инсон каби кўриниш бермаяпти.