Ўзбекистонда 17 октябрь куни содир бўлган шамолда ҳалок бўлганлар борлиги айтилди.
ФВВ томонидан 17 октябрь куни Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида 9-32 м/с тезликда шамол бўлгани ҳақида аниқ маълумот берилди. Кучли шамол оқибатида айрим маъмурий бинолар ва уйларнинг том қисмларига зарар етган. Дарахт шохларининг синиб тушиши сабабли баъзи фуқароларнинг автотранспорт воситаларига шикаст етган, автомобиль йўлларида тирбандликлар юзага келган.
Дарахт шохининг синиб тушиши оқибатида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида истиқомат қилган фуқаро Г.И. турли даражада тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган. Тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, у шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилди.
Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида электр линияларининг бузилиши туфайли электр энергияси таъминотида вақтинчалик узилишлар содир бўлган.
Маҳаллий бошқарув органлари, авария-қутқарув хизматлари томонидан юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилди.