...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жозе Моуриньо: “Биз фақат ғалаба учун майдонга тушамиз!”


18:27, 31.10.2017 Спорт
 2 114

“МЮ” устози “Бенфика”га қарши учрашув олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

Англиянинг етакчи жамоаларидан бири ҳисобланмиш “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Жозе Моуриньо Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг 4-тур доирасидан ўрин олган “Бенфика”га қарши учрашув олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
 
Ўйин ва “Манчестер Юнайтед” жамоасининг мақсадлари ҳақида...
 
“...Бизнинг асосий мақсад — бугун ғалаба қозониб, гуруҳдан пешқадам жамоа сифатида кейинги босқичга чиқиш!
 
Гуруҳдан чиқиш учун бизга камида 10 очко етади. Ҳозирча ҳисобимизда 9 очко мавжуд. Дуранг ҳам яхши натижа, лекин ўз майдонимизда фақат ғалаба учун курашамиз.
 
Биз “Бенфика” клубининг қандай кучга эга эканлигини яхши биламиз ва ўйин қийин бўлишини тушуниб турибмиз.
 
Чунки бугунги ўйин натижаси “Бенфика” учун гуруҳда жон сақлаб қолиш имкониятларини кескин ошириши мумкин. Рақиблар ғалаба қозониш мақсадида бор кучлари билан ўйнашлари табиий. Акс ҳолда, улар гуруҳ босқичининг ўзида турнир билан хайрлашишади.
 
Мен “Бенфика”нинг ЦСКА жамоасига қарши учрашувини қайта томоша қилиб чиқдим. Аммо нега “Бенфика” ўз майдонида имкониятни бой берганини тушуна олмадим.
 
“Манчестер Юнайтед” босиб ўтган давр ҳақида...
 
“...Биз ўтган мавсум Европа Лигаси мусобақасида иштирок этдик, энди яна Европа чемпионлар лигасига қайтишга эришдик.
 
Эсингизда бўлса, икки йил аввал “МЮ” гуруҳда ўзидан “ПСВ” ва “Вольфсбург”дан кам очко тўплаган ҳолда ЕЧЛдан чиқиб кетганди. Ўйлайманки, айни дамдаги ҳолат “Манчестер Юнайтед” клубининг қанчалик ўзгариб, олдинга қадам ташлаганини исботлаб беради.
 
“МЮ” Англия чемпионатида иккинчи ўринда, ЕЧЛда пешқадам, устига-устак Лига кубоги мусобақаларида ҳам иштирок этиб келяпмиз.
 

 
Ушбу мусобақаларда ҳар қайси жамоа ҳам муваффақиятга эриша олмайди. Европа Лигасида ғолиб бўлдик ва энди ўз кучимизни йирикроқ бўлган турнир — ЕЧЛда синаб кўрамиз. “Манчестер Юнайтед”нинг ҳозирги таркиби аввалгиларидан анча кучли ҳисобланади”.
 
Ромелу Лукакунинг “Тоттенхэм”га қарши ўйинда йўқолиб қолганлиги ҳақида...
 
“...Лукаку майдонда йўқолиб қолди, деб ҳисобламайман. Шунчаки Лукаку Алдервейрелд, Вертонген ва Дайер каби тажрибали марказий ҳимоячилар қаршилигига дош бера олмади, холос.
 
Нима бўлганда ҳам муҳим ўйинда ғалаба қозона олдик. 1:0 ҳисоби хавфли бўлсада, ўйин сўнгига қадар бошқа гол кирита олмаслигимизни сезиб ҳаракатландик. Лукаку ҳали ўз сўзини айтади”, дея ўз сўзларини якунлади португалиялик мутахассис.
 
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Юнайтед”–“Бенфика” учрашуви 1 ноябрь кунига ўтар кечаси, 00:45 да бошланади.
 
Маълумот учун, “Манчестер Юнайтед” ЕЧЛнинг 3-туридан сўнг 9 очко жамғариб, пешқадам бўлиб турган бўлса, “Бенфика” учта ўйиннинг барчасида мағлубиятга учраб, бирорта очко ола билмасдан, сўнгги ўринда бормоқда.
 
Бундан ташқари, Швейцариянинг “Базель” клуби 6 очко билан “МЮ”дан кейинги ўринни банд этган. Россиянинг ЦСКА клуби биргина “Бенфика” клуби устидан сафарда қозонилган ғалаба эвазига 3 очко билан учинчи ўринни эгаллаган. Москваликлар бугун “Базель” майдонига сафар уюштиришади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Жозе Моуриньо Манчестер Юнайтед ЕЧЛ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!