...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жиззахлик амалдор Президент айтгандек тўй қилди


16:40, 03.04.2018 Жамият
 15 766

Биринчи келини экан, каттароқ қилса ҳам бўларди. Амалдорлиги учун қўрққан бўлса керак-да!

Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани марказидаги Мустақиллик маҳалласида 130 нафар меҳмон иштирокида ўтган тўй минг кишилик тўйларга қараганда кўпроқ овоза бўлди. Бунинг сабаблари бор, албатта!
 
“Ўзи бу ишда ҳам раҳбарлар, масъул ходимлар шахсий ибрат кўрсатиши керак. Ана энди Қувондиқ аканинг тўйни ихчам, камчиқим ўтказиш ҳақидаги талабига ҳеч ким эътироз билдиролмайди”. “Ота-онасининг гапини икки қилмаган фарзандларга ҳам раҳмат. Келин-куёвнинг дўстлари ҳам тўйни дискотекага айлантириб юбормади. Бинойидай тартибли ўтди”.
 
Кўпчилик шундай фикр билдирди. Аммо улар орасида “Биринчи келини экан, каттароқ қилса ҳам бўларди. Амалдорлиги учун қўрққан бўлса керак-да” дегувчилар ҳам топилди, албатта.
 
Бу гаплардан қатъий назар, Қувондиқ ака ва у кишининг турмуш ўртоғи, туман поликлиникаси ҳамшираси Раънохон опа, қудалар – Сирдарё вилояти Оқолтин туманидан Пардабой ака Тўрабойев тўйнинг чиройли, мазмунли ўтганидан мамнун. Албатта, бу мамнунлик фарзандларининг бахти, келин-куёв – туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассиси Абдимурод, Халқ банкининг Оқолтин тумани филиали ходими Дилдора ота-оталарининг фикрига қўшилиб, тўйни ихчам ўтказишни маъқуллагани туфайлидир.
 
– Дабдабали тўйлар ёшларнинг бахтли ҳаётини кафолатламайди, – дейди Раънохон Абдуқодирова. – Тўйдан сўнг ёшларга уй-жой зарур. Чунинг учун фарзандларимизга намунали уйлардан алоҳида турар жой олишида кўмаклашишни ният қилганмиз.
 
Тўйларни ихчамлаштиришни аҳоли ўртасида тарғиб қилишга, аввало, маҳалла масъул. Бу тарғиботни самарали йўлга қўйишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш эса “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимининг асосий вазифаси. Кўп йиллардан буён ушбу бўлимни бошқариб келаётган Қувондиқ Абдуқодиров вазифасига қанчалик масъулият билан қарашини ўз оиласи мисолида кўрсатди.
 
– Тўйларни ихчамлаштириш бўйича кўп йиллардан буён давом этиб келаётган тарғибот кутилган самара бермагани барчага маълум, – дейди Қувондиқ Абдуқодиров. – Тўй-маросимларнинг тобора миллийлик, одоб-ахлоқ чегарасидан чиқиб бораётгани уларни тартибга солиш учун ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат зарурлигини кўрсатди. Бу масалага Президентимиз алоҳида эътибор қаратаётганининг сабаби ҳам шу. Энди бу иш амалга ошади, шундай давом этишига йўл қўйиш асло мумкин эмас. Маҳаллаларда тарғибот ишларини кучайтириш билан бирга, аниқ амалий ишларга эътибор қаратамиз.
Фирдавс БЕК

Теглар:Тўй амалдор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар