...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жиззах вилоятининг Пахта бўйича ҳисоботи сохта бўлган


19:34, 04.12.2017 Жамият
 7 813

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида ўтган сессияда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, вилоятда кўплаб муаммолар тўпланиб қолгани жиддий танқид қилинди.

2017 йил октябрь ойининг охирида бўлиб ўтган халқ депутлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган эди.

Сессия иши тугаганидан бир соат ўтар-ўтмас ижтимоий тармоқларда турли хабарлар тарқалиб кетди. Узоқ-яқиндаги таниш-билишлардан “Жиззахда нима бўлган эди? Ҳали бир йил бўлмасидан ҳоким ишдан кетибдими?” мазмунидаги саволли қўнғироқлар кўпайди.

Ҳа, вилоят ҳокими ишдан кетди. Ваҳоланки, 2017 йилда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилди, вилоят улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Давлат раҳбарининг эътибори, ҳукуматимиз кўрсатган ёрдам ва албатта, жиззахликларнинг фидокорона меҳнати туфайли вилоятни комплекс ривожлантириш борасида жуда катта натижаларга эришилди. Йилнинг тўққиз ойида умумий қиймати 303 миллиард сўмликдан зиёд 1 минг 800 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди.

Жиззах шаҳрини қайта қуриш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди. Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига тайёргарлик доирасида амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари туфайли эски шаҳар қиёфаси бутунлай ўзгарди.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири иштирокида ўтган сессияда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, вилоятда кўплаб муаммолар тўпланиб қолгани жиддий танқид қилинди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар талабга жавоб бермаслиги, жумладан, давлатга ғалла сотиш режаси барбод этилгани алоҳида таъкидланди. Энг ачинарлиси, вилоятда маълумотларни сохталаштириш орқали пахта тайёрлаш кўрсаткичини бўрттириб кўрсатишга йўл қўйилган эди.

Сессиядан бир кун аввал, яъни 28 октябрь куни тақдим этилган маълумотда вилоят бўйича мавсум бошидан буён 179 минг 907 тонна пахта териб олингани, яъни режа 83,44 фоизга бажарилгани кўрсатилганди. Сессияда бу маълумот сохта экани, ҳақиқатда эса 165 минг 654 тонна, яъни йиллик режанинг 76,83 фоизи миқдорида пахта тайёрлангани қайд этилди.

Мавсум бошидан буён терилган пахтага 14 минг 248 тонна, йиллик ражанинг деярли 7 фоизи қўшиб ёзилган. Худди шундай кунлик терилган пахта ҳам 1 минг 62 тонна ўрнига 2 минг 9 тонна қилиб кўрсатилган, 1 минг 147 тонна йўқ маҳсулот қўшилиб, маълумот сохталаштирилган.

Аён бўладики, бу шунчаки “камчиликларга йўл қўйиш”, дегани эмас – қўшиб ёзиш, кўзбўямачилик дегани. Бу давлатни, эл-юртни алдаш, ўз оёғимизга ўзимиз тушов солиш дегани. Тараққиётимизни орқага тортиш дегани.

Депутатлар вилоят ҳокими У.Узоқовни йўл қўйилган камчиликлар учун вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги таклифни тасдиқлаб овоз беришгани сабаби ҳам шунда.

–Ушбу сессияда кўрилган масала Президент раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар фақат раҳбарнинг эмас, балки барча депутатларнинг, ҳаммамизнинг зиммамизга катта масъулият юклашини яна бир бор кўрсатди, – дейди вилоят кенгашининг ёши улуғ депутати Хидир Шукуров. – Агар биз, барчамиз фаол бўлсак, бефарқлик, лоқайдлик қилмасак, қўшиб ёзишдек иллатнинг олди олинган бўларди. Афсуски, ҳали бугунги кун талаби, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган олижаноб мақсадларни бажариш даражасида фаолият кўрсатолмаяпмиз. Бу воқеа бизга жиддий сабоқ бўлди.

Қўшиб ёзишнинг келиб чиқишида асосий айбдорни аниқлаш алоҳида масала. Бироқ, у қандай содир этилишидан қатъи назар, биринчи раҳбар жавоб бериши аниқ. Масалага юртимизда кейинги бир йилда рўй бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар нуқтаи назаридан қаралса, бу воқеа бошқа ҳеч бир ҳудудда, ҳеч қачон такрорланмаслиги учун яхшигина сабоқ бўлди.

Вилоят иқтисодиётини ривожожлантиришда республика дастури доирасида амалга оширлаётган ишларнинг кўлами нечоғли кенг бўлса, бевосита маҳаллий бошқарув органлари фаолияти билан боғлиқ, вилоят иқтисодиётининг, аҳоли фаровонлигининг муҳим қисмини ташкил этувчи вазифалар ҳам бундан кам эмас. Булар орасида бевосита маҳаллий тараққиёт билан боғлиқ вазифалар, аввало, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, унинг таркибий тузилишини, айниқса, бошқарув услубини такомилаштириш вилоятнинг биринчи раҳбаридан, унинг атрофидагилардан жуда катта билим, малака, ишбилармонлик талаб этади.

Қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачиликда камчилик фақат йиғим-терим жараёнида содир этилган қўшиб ёзишдан иборат эмас. Пахтачиликда собиқ тузум давридан мерос қолган нуқсонлар шу ҳолатга олиб келди.

Бу йил вилоят давлатга пахта сотиш режасини бажаролмаслиги мумкин, деган ҳадик йиғим-терим бошланишидан анча аввал пайдо бўлган эди. Чигит экиш, ғўза парвариши даврларида йўл қўйилган қўпол камчиликлар ҳосилнинг мўлжалдан анча кам бўлишига замин яратди. Масалан, август ойи охирларида Мирзачўл, Дўстлик, Пахтакор туманлари далаларида ғўза одам бўйи ғовлаб кетган эди.

Деҳқон ҳеч қачон ўз зарарига ишламайди. Шундай экан, оддий агротехника талаблари нега бузилди? Деҳқончиликдан озроқ хабари бўлган кишига меъёридан ортиқ даражада сувга бўктирилган ғўза ҳосил бермаслиги аён бўлиши керак-ку!?

Бугун бу ҳол чигит экиш, ғўза парвариши каби агротехник тадбирларга маҳаллий бошқарув органларининг тушуниб-тушунмай аралашуви натижасида содир бўлгани ҳам айтилмоқда. Бу гапда ҳам жон бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, ғўзани ғовлатиб, ҳосил ололмаган фермерлар орасида ҳокимият вакили “ғўзани бугун суғормасанг, графикни бузганинг учун еринг тортиб олинади”, деб тепасида ўдағайлаб тургани учун била туриб хатога йўл қўйганлар ҳам бор.

Бу собиқ тузум давридан мерос қолган қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг маъмурий буйруқбозлик усули Жиззах вилоятида жорий йилда ҳам давом этганини тасдиқлайди. Вилоят раҳбари бу камчиликларнинг олдини олиш чораларини пахта етиштиришнинг дастлабки давридаёқ кўриши керак эди. Бироқ, куч ва имкониятлар етарли бўлишига қарамай, кутилган ўзгаришлар амалга оширилмади. Оқибатда қишлоқ хўжалигини бошқаришдаги эскича усул панд берди.

Собиқ тузум даврида қўшиб ёзишга марказнинг зуғумидан қутулиш чораси сифатида қаралган. Хўш, бугун-чи?! Бугун у кимга, нимага керак? Давлат ўзимизники, бойликларимиз халқимизники бўлса, кимни алдаймиз? Нега алдаймиз?

ЎзАнинг хабарига кўра, бугунги кунда пахтачиликда ҳам, бошқа соҳаларда ҳам камчиликлар, барча муаммоли масалалар депутатлар, фаоллар томонидан батафсил муҳокама этилиб, амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинган. Бундай воқеа бошқа такрорланмаслиги чоралари кўрилган.

Бундай ачинарли воқеалар онда-сонда бўлса-да, содир этилаётган экан, биз барчамиз унга нисбатан муросасиз бўлишимиз даркор. Унинг олдини олиш, эл-юртимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотларга, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган лоқайдлик, бепарволик, ўзибўларчилик, коррупция каби иллатларга беаёв бўлишимиз керак.

Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, энг муҳим вазифамиз – мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат. Бунинг учун эл-юртимиз, аввало, раҳбарларнинг фаолиятидан мамнун бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз соҳасидаги ишларнинг аҳволи учун шахсан ўзи жавоб бериши зарур.
Сиёвуш Тўрахўжаев

Теглар:Шавкат Мирзиёев Қўшиб ёзиш Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар