Жиноий иш юзасидан яна уч одам ҳибсга олинган.
Жамшид Кенжаевнинг ваҳшийларча ўлдирилиши тасвирланган видео эса интернетта катта баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Айримлар спортчининг ўлимида унинг ўзини айблаётган бўлса, айримлари барзанги қўриқчиларга энг оғир жазо берилшини таълаб қилмоқда. Маълумки, Кенжаевнинг калтаклангани тарқалган видеода спортчини ўнга яқин барзанги йигит-қўриқчилар калтаклаганини кўриш мумкин. Жамшидга 11 марта пичоқ зарбаси берилган.
Ушбу видео тарқалгач, “Qalampir.uz” прокуратура органлари билан боғланди ва нега бу ишда фақат бир кишига жиноят иши очилгани ҳамда нима сабабдан қолган муштумзўрлар ҳеч нима қилмагандек бемалол юргани сўралди.
Бош прокуратура эса бу вазиятга оид янги маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, 1-а-уйда жойлашган “Aurum898” тунги клуби кириш эшиги олдида Ж.Кенжаев шу клуб қўриқчилари Ш.Ильясов ва А.Мирзаев билан жанжаллашиб, ёнида бўлган пичоқ билан Ш.Ильясовга ва А.Мирзаевга санчиб кесилган тан жароҳатлари етказган.
Жанжал давомида воқеа жойида бўлган “Aurum898” тунги клубида қўриқловчи ёрдамчи Ш.Қиличов Жамшид Кенжаевни қўлидан пичоқни тортиб олиб, унга санчиб кесилган тан жароҳатлари етказган. Бундан ташқари, Жамшид Кенжаевга нисбатан қўриқчилар Ж.Ёрқулов, С.Комолиддинов, А.Хамраев ва клуб ёнидаги бошқа бир нечта шахслар ҳам қўллари, оёқлари ва ёғоч дасталари (биталар) билан уриб, тан жароҳатлари етказганлар.
Жамшид Кенжаев “кўкрак қафаси ўнг томон қўлтиқ ости соҳаси 4-қовурғаси, қорин олди ён девори, иккала думбаси, бош тепа соҳасига санчилиб кесилган жароҳатлари, ташқи қон кетиши, геморрагик шок 3-даража” ташҳиси билан тумандаги 7-сонли шифохонага ётқизилиб, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.
Ҳолат юзасидан жорий йил 9 августда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ш.Қиличовга нисбатан ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.
Тергов давомида Ш.Қиличов ЖКнинг 25-, 97-моддаси 1-қисми, С.Комолиддинов, Ж.Ёрқулов ва А.Ҳамраевлар ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Уларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.