Судга берилган аризада Катриона Жим Керридан учта касалликни юқтириб олгач, актёр уни ташлаб кетгани айтилади...
2015 йилнинг 28 сентябрида Голливуднинг энг хушчақчақ актёрларидан бири Жим Керрининг қаллиғи Катриона Уайт вафот этганди. Аёл ўз жонига қасд қилиш мақсадида дори воситаларини кўп миқдорда истеъмол қилган. Маълумотларга кўра, унинг ўлимидан бир неча кун аввал, жуфтлик муносабатларига нуқта қўйишга келишган.
Гарчи мудҳиш воқеага қарийб 1 йил тўлган бўлса-да, марҳуманинг турмуш ўртоғи Марк Бертон актёр Жим Керрини рафиқасининг ўлимига алоқадорликда айблаб, судга берганди. Бертон актёрни машҳурлигидан фойдаланиб психотроп дори воситаларини сотиб олишда ва уларни Уайтга берганликда айблаган. Бундан ташқари, Бертон рафиқасининг депрессив ҳолатидан актёрнинг ҳам хабари бор экани, аввал ҳам ўз жонига қасд қилишни истаганини билганини айтган.
Ўз аризасида Бертон Жим Керрининг ёлғончи экани, рафиқасининг ўлимидаги алоқадорликни яшириш мақсадида у “Уайт мендан психотроп дори воситаларини ўғирлаган”, деб бонг ураётгани ҳақида ёзган.
Ўз навбатида Бертоннинг айбловларига қўшимча тарзда Катрионанинг онаси Брижит Свитмен ҳам қизининг ўлимида Керрини айблаяпти.
Свитменнинг аризасида Керри Катрионани жинсий йўл билан ўтадиган учта касаллик билан зарарлагани ва касаллигини эшитгач, уни ташлаб кетгани ҳақида айтилади. Шунингдек, у ерда ёзилишича, актёр Катрионани эркаклар билан кўнгилхушлик қиладиган аёл сифатида айблаган ва қўрқитган. 2013 йил таҳлил натижалари Катрионанинг қўлига келиб тушгач, Жим бу касалликларга алоқаси йўқлигини, инфекциялар бошқа одамдан юққанини айтган.
Маълумот учун, Катриона Уайт Голливудда пардозчи бўлиб ишлаган. У 2015 йилнинг 28 сентябрида ўз жонига қасд қилган. Аёлнинг ўлимидан 3 йил аввал, унинг отаси ҳам ҳаёт билан худди шундай видолашганди.
Ўлимидан аввал, Катриона Жим Керрига қуйидаги мактубни ёзиб қолдирган. Унда шундай дейилади: “Жим, мен сени севаман. Мени кечир, илтимос. Мен бу дунё учун яралмаган эканман. Илтимос, менга тегишли мол-мулк ва дафн маросими ҳақида ўзинг қайғур...”
Жуфтлик дастлаб, 2012 йилда учрашишган. Бир неча ойлик муносабатлардан сўнг, улар ажрашишган. 2013 йил Катриона бошқа инсонга турмушга чиққан. 2014 йилда эса у ажрашишга ариза берган. Шу йилнинг ўзида Жим ва Катрионанинг муносабатлари яна янгидан авж олган. 2015 йилнинг 24 сентябрида эса улар ажрашишга қарор қилишган. Орадан бир неча кун ўтиб, Катриона Керрисиз яшай олмаслигини тушунгани сабаб ўз жонига қасд қилган.