...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жаҳоннинг энг йирик ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонга жам бўлишди


22:55, 16.03.2016 Технология
 4 360

World Food Uzbekistan ва Agro World Uzbekistan кўргазмаларига старт берилди.

16-18 март кунлари Тошкентдаги Ўзэкспомарказида ITE Uzbekistan халқаро компанияси – World Food Uzbekistan ва Agro World Uzbekistan озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик кўргазмаларини ўтказмоқда.

Бу йил World Food Uzbekistan’нинг 16-кўргазмаси ва AgroWorld Uzbekistan’нинг эса 11-кўргазмаси ўтказиляпти. Жорий йилги кўргазмада 28 давлатдан 162 компания иштирок этмоқда. Уларнинг кўпчилиги мазкур тадбирда илк бора қатнашмоқда. Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдиряптилар. Бу йилги кўргазмада Ўзбекистон, Испания, Италия, Нидерландия, Буюк Британия, Россия, Украина, Германия, Хитой, Туркия, Болгария, Словакия, Миср, Франция, Белоруссия, АҚШ, Португалия, Польша, Индонезия, Малайзия, БАА, Қозоғистон, Литва, Дания, Бельгия, Эрон, Австрия, ва Швеция каби давлатлардан кўзга кўринган ишлаб чиқарувчилар иштирок этмоқдалар. Шулардан Германия, Италия, Россия, Туркия ва Хитой доимий равишда бу турдаги кўргазмаларда қатнашиб келадилар. Кўргазма иштирокчиларининг 80 фоизи хорижий ва 20 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилардир.

Озиқ-овқат саноати – иқтисодиётнинг жуда тез ривожланаётган соҳаларидан бири. Ўзбекистоннинг бой хомашё базаси, ички бозорнинг кенг имкониятлари ва орттирилган тажриба унинг муваффақиятли ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Бу ҳақда ҳар йили кўргазмалар майдонининг ўсиб бораётганини кўрсатаётган World Food Uzbekistan ҳам гувоҳлик беради. 16 йил ичида экспозиция инновация ва ускуналар учун кенг майдон бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон тадбиркорлари ишлаб чиқариш технологияларига нисбатан кенг талаб билан чиқмоқдалар ва саноатнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлмоқдалар.



Агар 1990 йилда бизнинг республикамизга истеъмол қилинадиган доннинг 82 фоиздан ортиғи, гўшт ва гўшт маҳсулотларининг 50 фоизи, сут маҳсулотларининг деярли 60 фоизи, шакар, қуруқ сут ва болалар озиқ-овқатининг 100 фоизи четдан келтирилган бўлса, ҳозирда маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланиши ҳисобига Ўзбекистон ўзини барча турдаги маҳсулотлар билан таъминлай олади.

Жорий йилда World Food Uzbekistan ўз атрофига 27 давлатдан 100 та компанияни жамлади. Замонавий ускуналар ва технологиялар экспозицияси 5000 кв. метрдан ортиқ майдонда тақдим етиляпти. Ташриф буюрувчилар эса янги маҳсулот брендлари билан танишадилар. Кўргазма қуйидаги йўналишлар бўйича маҳсулотларни тақдим этади:

1.Истеъмол маҳсулотлари ва ичимликлари; 
2.Совутиш ва ресторан ускуналари; 
3.Қадоқлаш ва қадоқловчи технологиялар; 
4.Ишлов бериш технологиялари;
Кўргазмада янги компаниялар орасида қуйидагилар намойиш этилади:

CВ Крафт (Россия), Omidi (Ерон), Morcos (Миср) – қандолат маҳсулотлари ускуналари, IceCom (Австрия) ва Technogel (Италия) – музқаймоқ ишлаб чиқариш учун ускуналар, Zhengzhou Dingsheng Machine (Хитой) – ёғ ишлаб чиқариш учун ускуналар, Ixapack (Франция) - қадоқлаш ускуналари. Ўзбекистондан дебютантлар орасида – Навоий машинасозлик заводи (мева ва сабзавотларга ишлов бериш бўйича ускуналар), тарози Класс (оғирлик ўлчаш ускуналари, United Food Machinery (қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш линияси).



Жастин Ҳан, Zhenghou Dingsheng Machine компанияси савдо менежери:
— Бизнинг компания мазкур кўргазмада ёғ ишлаб чиқариш ускуналари билан қатнашяпти. Ўзбекистонда технологияларимизга бўлган талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳар йили камида ўнта ўзбекистонлик тадбиркорлар билан шартнома имзолаймиз.

Маҳаллий дебютант иштирокчилардан ичимлик, мева ва сабзавот маҳсулотларини тақдим этувчи ХК Узвинпром-Холдинг, ўзининг қандолат маҳсулотлари билан Сладус Продюс, музқаймоқ ишлаб чиқарувчи Вазира Бизнес корхоналари ҳам кўргазмада иштирок этмоқдалар. Бундан ташқари, Spring Mycelium Land компанияси қўзиқорин мицеллиси ва ўсимлик ёғини кўргазмада намойиш этмоқда.



Камолиддин Зокиров, Сладус Продюс корхонаси вакили:

— Корхонамиз 2009 йилда ташкил этилган. Корхонада 40дан ортиқ турда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимиз Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинади. Қандолат маҳсулотларимизни янада кўпроқ давлатларга экспорт қилишни режалаштирмоқдамиз.

Кўргазманинг доимий иштирокчиларидан қуйидагиларни кўришимиз мумкин: Истеъмол маҳсулотлари ва ичимликлари – Good Food Group (ёғ-мой маҳсулотлари), Lazzat Karamel, Мехригиё, Candy Holding (қандолат маҳсулотлари, ичимликлар).

Сўнги йилларда нафақат Ўзбекистонда балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида қадоқлаш технологияларига бўлган эҳтиёж катта бўлиб бормоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш , уларни харидорга бешикаст етказиш, сақлаш учун катта музлаткичларга бўлган талаб ортиб бормоқда. World Food Uzbekistan кўргазмасида қадоқ ва қадоқлаш технологияларини Магол (Белоруссия), MC Automations (Италия), Shanghai Triowin (Хитой), Falcon Pack (БАА), Bigtem (Туркия) ва бошқа компаниялар намойиш этмоқдалар.

Али Карафил, “Bigtem” компаниясининг савдо менежери:
— Биз Ўзбекистонда ўтказилаётган мазкур кўргазмада учинчи марта иштирок этяпмиз. Бизнинг компания қадоқлаш технологияларини ишлаб чиқаради. Технологияларимиз Европа, Осиё, Американинг 60дан ортиқ давлатларида сотилади. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда бизнинг маҳсулотларга талаб катта.

Кўргазмада Германия ҳам ўзининг миллий кўргазма бурчаги билан иштирок этмоқда. Бу ерда 15га яқин компаниялар ўзларининг маҳсулотлари билан қатнашяпти. “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати кундан-кун ривожланмоқда. Бизнинг компания мазкур кўргазмада биринчи марта иштирок этяпти. Кўргазма юқори даражада ташкиллаштирилган”, – компаниянинг Германиянинг Eximo сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияси вакили.

Agro World Uzbekistan

Қишлоқ хўжалиги саноати кўргазмасида 10 та давлатдан 62 та компания қатнашмоқда. Бозорнинг янги вакиллари орасида Италия, Туркия ва Нидерландия компаниялари бор. Кўргазма қуйидаги йўналишларда ташкил этилган.

1.Паррандачилик;
2.Чорвачилик;
3.Донни қайта ишлаш ва сақлаш учун ускуналар;
4.Ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналари;
5.Ветеринария;
6.Қишлоқ хўжалик техникаси.

Олдинги йиллар билан солиштирадиган бўлсак, паррандачилик ва чорвачилик секцияларида ўсиш бор. Ветеринария бўлимида кўплаб Европа брендлари ўрин олган. Ўзбекистонлик тадбиркорлар эса ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлимида қатнашмоқдалар.



Кўргазма диққат марказида донни қайта ишлаш ва сақлаш учун ускуналар секцияси турибди. Бу секция Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади, чунки бизда дон етиштириш унумдорлиги ортиб бормоқда. Бирламчи ва замонавий агротехнологиялар орасида юқори даражада ишловчи қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам бор.

World Food Uzbekistan ва Agro World Uzbekistan’нинг бу йилги кўргазмаси жуда кўтаринки руҳда ўтмоқда. Ўтган йиллар билан солиштирадиган бўлсак, жорий йилдаги кўргазмада иштирокчи компаниялар сони кўпайган. Улар орасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг ортиб бораётгани кишини қувонтиради.

Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, барча соҳаларда кенг кўламли изчил ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ўзининг тадрижий тараққиёт йўлини танлади. Бунда аҳолини тўғри овқатланиш меъёрларига мос, юқори сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди. Шу муносабат билан фермер хўжаликларини ривожлантириш асосида иқтисодий ислоҳотларни кучайтириш, қишлоқда ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойилларига мос ташкилий тузилмасини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг мустақиллигини кенгайтириш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.



Бугунги кунда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар олдига ишлаб чиқариш сифатини ошириш ва уни бошқаришнинг янги стандартлари, замонавий технологияларни жорий этиш масаласи қўйилган. Уларнинг жорий этилиши истиқболда корхоналар қувватини янги даражага кўтариш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш ва турини кенгайтириш имконини беради. Бундан ташқари, корхоналарни янги қоидалар бўйича сертификатлашга тайёрлаш, ходимларни қайта ўқитиш, махсус таъмирлаш гуруҳлари ташкил қилиш ва бошқа масалалар катта аҳамият касб этаётир.

Юртимизда ўтказилаётган бундай кўргазмалар ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун қилинаётган муҳим ишлардан биридир.
Руслан Сулаймонов
Фотомухбир Ғафур Руслов

Теглар:Ўзэкспомарказ ITE Uzbekistan World Food Uzbekistan Agro World Uzbekistan 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!