...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жаҳон Чемпионати йўлланмаси кимга насиб этаркин?


17:40, 24.10.2016 Спорт
 3 268

Футбол бўйича Осиё Чемпионатининг чорак финалида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Эронга қарши майдонга тушади.

Бугун, 24 октябрь куни футбол бўйича Осиё Чемпионатининг чорак финалида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси майдонга тушади. Баҳрайн мамлакати мезбонлик қилаётган ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигининг чорак финалида Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига Эрон термаси рўбарў бўлиб турибди.
 
Мазкур учрашув бизнинг терма жамоамиз учун ўта муҳим. Чунки беллашувда ғалаба қозонган терма жамоа 2017 йил Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. Кўпчилик мухлислар мазкур учрашувни финалга тенглаштирмоқда.
 
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўзининг чиройли ўйини билан мухлислар эътиборини қозониб улгурди. Қолаверса, ҳамюртларининг зафар қучишини ким ҳам хоҳламайди, дейсиз. Ёшлардан барчанинг умиди – катта.
 
Беллашув Тошкент вақти билан 21:15 да старт олади. “Khalifa Sports City Stadium”да бўладиган учрашувни “Спорт” телеканали тўғридан-тўғри намойиш этади. Футбол баҳсида ўзбек ёшлари оқ, эронликлар қизил либосда майдонга тушади.
 
Чемпионатнинг расмий сайтида ўйиндан олдин мураббийларнинг фикрлари эълон қилинди.
 
“Беш-олти йил аввал бизда олдинга бориш имкони мавжуд эди, бироқ омад кулиб боқмади. Айни пайтда эса биз тайёрмиз ва яхши тактика, яхши техника ҳамда ҳалол ўйин ҳақида ўйлаяпмиз”, дейди Эрон ёшлари мураббийси Амир Паравани.
 
Ўз навбатида, Ўзбекистон ёшлар термаси бош мураббийи Жасур Абдураимов ҳам қуйидаги фикрларни билдирган:
 
“Биз чемпионатнинг энг кучли жамоаларидан бири билан куч синашамиз. Ушбу чемпионатда Эрон терма жамоаси жисмонан кучли ва яхши тактика билан чиройли ўйин намойиш этишди. Шу сабаб қийин ва қизиқарли ўйин гувоҳи бўламиз деб ўйлайман”.
 
Эрон ёшлар терма жамоаси шу даврга қадар 4 бор Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлган. Аммо бу ўтган асрда бўлган. Яқин тарихга назар солсак, улар бир марта Осиё Чемпионатининг тўртинчи поғонасини забт этган. Бу эса уларга Аргентинада ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконини ҳадя қилган эди.
 
Умид қиламизки, ёшлар “ака”лари қилган хатони такрорламайди. Сизларга омад, Ўзбекистон ёшлари!
Мухторбек Абдуллаев

Теглар:Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Эрон ёшлар терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!