...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жавоби йўқ саволлар: Адлия вазирлигидан тортиб, “Beeline” раҳбариятигача сўроққа тутилди


13:41, 19.03.2018 Жамият
 12 172

Қуйида ечимини топмай келаётган муаммолар ҳақида жавобини кутиб келаётган саволларни ўқишингиз мумкин.

Гувоҳи бўлиб турибсиз, охирги вақтларда Ўзбекистонда ОАВнинг орни ортиб бормоқда. Сўз эркинлигига, очиқлик ва ошкоралик кўплаб ОАВда ўз ифодасини топмоқда. Тўғри, ҳамон қўрқув, ҳадик ичида яшаб, борни йўқ, йўқни бор, дейиш билан кун кечираётган журналистлар ҳам йўқ эмас. Матбуотдаги ошкорали эса “Ишонч” газетасининг навбатдаги сонида ўз исботини кўрсатди. Газета давлат ва жамоат ташкилотларидан тортиб, “Beeline” алоқа оператори раҳбариятига ҳам очиқ хат йўллаб, муаммоларни кўндаланг қўйдилар.
 
Қуйида ечимини топмай келаётган муаммолар ҳақида жавобини кутиб келаётган саволларни ўқишингиз мумкин.


 
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига!
 
НАРХНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?
 
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, мамлакатимизда жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб автомобилларда “скотч” ҳамда “капрон” композит қопламали газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланди.
 
Эндиликда ҳамма темир газ баллонидан фойдаланишга ўтади, албатта. Бу эса нархнинг сезиларли даражада ошишига олиб келди. Тақиқ қўйилишидан аввал, 100 метр куб ҳажмдаги темир баллоннинг нархи 1 млн. 800 мингдан 2 млн. сўмгача баҳоланган бўлса, айни пайтда 2 млн. 300 мингдан 2,5 млн. сўмгача етган. Агар пул ўтказиш йўли билан тўловни амалга оширмоқчи бўлсангиз, унинг миқдори 3 млн. 800 минг сўмга айланади.
 
Билишимизча, темир баллонлар юртимизда ишлаб чиқарилмоқда. Шунга қарамай, нархи осмонда. Бунинг сабабини кимдир изоҳлаб бера оладими?
 
Музраф АДИЛОВ,
Тошкент вилояти ,
Қибрай тумани
 
 
Адлия вазирлигига!
 
“ДОМ”ДА КУЧУК БОҚМАНГ
 
Биз кўпқаватли уйда яшаймиз. Қўшниларимиз ит боқади. Кун бўйи, ҳаттоки, тунда ҳам итлар ҳуришидан тинчлик йўқ. Ёш болаларимиз бор. Улар юрагини олдириб қўйишган. Уйга кириб-чиқишга ҳам чўчишади. Бундан ташқари, кўпинча ҳайвонлар йўлакни ифлос қилиб кетади.
Қўшниларимни қандай тартибга келтирса бўлади? Кўпқаватли уйда ҳайвон боқишга рухсат берилганми? Буни қандайдир меъёрий ҳужжат орқали тартибга солиш мумкин эмасми?
 
М. ЭРБОЕВА,
Тошкент шаҳри, Миробод тумани
Сарикўл кўчаси 34-уй 20-хонадон
 
 
 
Маданият вазирлигига!
 
БАХШИЛАР ТЕАТРИ
 
Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрига томошага бордим. Жаҳон санъати дурдоналари билан танишув менда чуқур таассурот уйғотди. Шу ўринда ўйлаб қолдим. Юртимизда бахшичилик санъати ривожланган. Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида бахшилар тўйларда хизмат қилишади. Бу санъатнинг ҳеч бир ижрочилик туридан қолишадиган жойи йўқ. Шундай экан, театр­ларимизда бахшилар шоулари ҳам ташкил этилса, деган фикр пайдо бўлди. Жаҳон санъати дурдоналари каби миллий санъатимизга ҳам муносиб эътибор бўлган бўлармиди?
 
Ёки, олайлик, алоҳида бахшилар театри ташкил этиш мумкиндир...
 
Ишонаманки, юртимизга келаётган сайёҳларни ҳам бундай томошалар эътиборсиз қолдирмас эди.
 
Асомиддин ХУДОЙҚУЛОВ,
Бойсун тумани, ўқитувчи
 
 
 
Тошкент шаҳар ҳокимлигига!
 
КЕЛИННИНГ “ПРОПИСКА”СИ
 
Баъзи оилаларда келинларни эрининг уйига рўйхатга қўйиш масаласи, негадир, чўзилиб кетади. Турмуш қурганимга 8 йил бўлди. Уч нафар фарзандим бор. Аммо шу пайт­гача қайнона-қайнотам мени “прописка”га қўйишга қаршилик қилиб келади. Ҳатто ички ишлар ходимлари бизга жарима ҳам қўллади. Аммо натижа бўлмаяпти. Ҳамон ота-онамнинг уйида рўйхатдаман. Бу поликлиника, туғруқхонага бориш ва бошқа ҳолатларда ноқулай- ликлар туғдиради. Ҳеч тушунмайман, рўйхатга қўймаслик келинга тазйиқ ўтказишнинг бир йўлими? Келинни пропискага мажбурий қўйиш бўйича бирор таъсирчан чора қўлланилса бўлмайдими?
 
Г. ХОЛМИРЗАЕВА,
Тошкент шаҳри
(Исми-шарифи ўзгартирилган,
муносабат таҳририятга юборилсин)
 
 
 
Ички ишлар вазирлигига!
 
ОГОҲЛАНТИРИШСИЗ ЖАРИМА?!
 
Яқинда шахсий автомашинамда Тошкентдан Самарқандга оилавий­саёҳатга чиқдик. Тошкент вилояти ҳудудида ЙПХ ходимлари тўхтатиб, тезликни оширганимни айтишди. Мен одатдагидек, 90 км. тезлик доирасида ҳаракатланган эдим. Ваҳоланки, инспектор вилоят ҳудудида тезликнинг юқори даражаси соатига 70 км қилиб белгиланганини айтди. Қизиқ, йўлда ҳаракатланаётган автотранспорт ходимларининг аксарияти бундан бехабар бўлса, бу уларнинг ҳуқуқини бузиш бўлмайдими? Қолаверса, замонавий автоуловларда 70 км тезликда юриш учун доимий тормоз педалини босиб юришга тўғри келади. Ахир, ўн йиллаб машина рулида юриб, қоида бузмасликка ўрганган тажрибали ҳайдовчилар учун бу адолатсиз қарор эмасми, деган фикр хаёлимдан ўтди.


 
Мақсад фақат ҳайдовчиларни жаримага тушириш бўлиб қолмаяптими?
 
Тошкент шаҳридан вилоятга чиқишда бирорта кўринарли баннер қилиб, бу ҳақида огоҳлантириш беришнинг имкони йўқмиди? Қолаверса, бу ҳақда бирор ОАВда эълон ҳам берилганини эшитмадим.
 
Буни Давлатимиз раҳбарининг халқнинг розилигига эришиш борасидаги кўрсатмаларига муносиб ҳаракат бўлди, дейиш қийин…
 
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши тумани, Чим қишлоғи
 
 
 
“BEELINE” компанияси раҳбариятига!
 
BEELINE ПУЛНИ ҚАЙТАРДИ, АММО…
 
“Beeline” юртимиздаги йирик алоқа операторларидан бири. Мен ҳам компаниянинг мижозиман. Бундан бир неча ой аввал компаниянинг “Бир ой” тарифига уландим. Реклама қилинганидек, тарифда имкониятлар кенг. 7,99 $ эвазига бир ой мобайнида 750 мб интернет пакети, 500 та SMS, 100 дақиқа бошқа алоқа операторларига чиқиш, 1000 дақиқадан ортиқ ички тармоқда гаплашиш мумкин, қолаверса, Россия давлатига алоқага чиқиш учун бепул 10 дақиқа берилади.
 
Тарифга уланган даврим мобайнида бир ой 7,99 $ маблағни тўламадим. Табиийки, ҳеч қандай имтиёзга ҳам эга бўлмадим. ­Кейинги ойда эса ҳисобимни шунча маблағ билан тўлдирдим. Бироқ, ҳисобимни текширсам, ҳеч қандай маблағ йўқ. Шундан сўнг компанияга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирдим. 7,99 $ аввалги ой учун ушлаб қолинганини айтишди. Орада тушунмовчилик келиб чиқди. Нега энди тарифдан фойдаланмаган вақтим учун пул тўлашим керак?
 
Тўғри, қўнғироқбозлик ва оворагарчиликдан сўнг компания тўлаган маблағимни қайтариб берди. Демак, мен ҳақ эканман.
 
Қизиқ, талашиб-тортишмасам компания пулимни индамай олиб қолаверармиди? Мижозлардан ноўрин ушлаб қолинган ­маблағ учун компания ходимларидан бирортаси жавобгарликка тортилмайдими?
 
Жамшид ЭРГАШЕВ,
Фарғона вилояти, Данғара тумани Эшонбобо қишлоғи

Теглар:Жавоби йўқ саволлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар