Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мусобақа ярим финалида Жанубий Кореяни мағлубиятга учратишганди.
Ҳар икки мамлакат раҳбарлари ўртасида кечган суҳбатда Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг ёшлар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионати мусобақаси финалига йўлланма олгани билан табриклади.
“Корея Республикаси Президенти кўп миллатли Ўзбекистон халқини шу кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтаётган футбол бўйича Осиё чемпионатида ёшлар терма жамоаси кўрсатаётган ажойиб ўйин ва мусобақанинг финалига чиққани билан самимий қутлади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси раҳбарияти ва халқига Пхёнчханда ташкил этиладиган ва жаҳон спорти тарихига кирадиган, ҳақиқий дўстлик ва ўзаро англашув байрамига айланадиган қишки Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини чин дилдан тилади.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари икки мамлакат ва халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари ва анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқладилар”, - дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мусобақа ярим финалида Жанубий Корея дарвозасига тўртта гол уриб, финалда Вьетнамга қарши ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди.