“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган туннель қурилишига умумий қиймати 455 миллион долларлик маблағ йўналтирилди.
“Ушбу иншоот энг юксак халқаро нормаларга жавоб беради ва жаҳон амалиётида ноёб лойиҳадир. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши юк ташиш бўйича вақт ва маблағ тежаш имконини беради, шунингдек, транзит, ишлаб чиқариш ва инфратузилма салоҳиятини кескин оширади, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади”, деди Президент Ислом Каримов.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл тизимида ҳаракатланадиган “Ўзбекистон” йўловчи поездининг Қамчиқ туннелидан ўтишига рухсат берувчи семафорни ёқиш учун махсус тугмани босдилар...
Темир йўл транспорти барча давлатлар иқтисодиётининг асосий қон томири ҳисобланади. Эътиборлиси, темирйўлчиларимизнинг куч-ғайрати билан кейинги йилларда 1 минг 200 километрдан зиёд янги темир йўл тармоғи барпо этилди, 3 минг 800 километрлик йўл модернизация қилинди ва қайтадан ишга туширилди, қарийб 1100 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Натижада темир йўлларнинг умумий узунлиги 6 минг 500 километрга етди ва улар мамлакатимизнинг барча минтақаларини қамраб олиш имконига эга бўлди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилган даврдан буён юк ташишлар 1,5 баробар, йўловчи ташиш 1,3 баробар ўсди. Умуман, 2015 йилда темир йўллар орқали қарийб 82 миллион тонна юк ташилгани ва 20,1 миллион йўловчи ўз манзилига етказилгани Ўзбекистонда мазкур тармоқнинг салоҳияти ва имкониятлари тобора кенгайиб бораётганидан далолатдир. Бугунги кунда мамлакатимизда юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали ташилмоқда.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига, ундан кейин Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилиши бу борада “кўприк” вазифасини ўтайди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган туннель қурилишига умумий қиймати 455 миллион долларлик маблағ йўналтирилди.
Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони орқали ўтган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятлари ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.
Бунёдкорлик ишларида “China Railway Tunnel Group” компаниясининг мингдан зиёд ишчи-мутахассислари, уч мингдан зиёд темирйўлчиларимиз, уч юздан ортиқ электрмонтажчи иштирок этди. Моҳир қурувчилар 32 ой мобайнида мураккаб табиий шароитларда – ёз жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам ишни бир меъёрда олиб борди.
Узунлиги 123,1 километр бўлган Ангрен-Поп темир йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида 19,2 километрлик туннель очилди. Туннелдан ташқари бу ерда 43 миллион куб метр тупроқ, 16,3 миллион куб метр бурғулаш, портлатиш ишлари бажарилди. Шунингдек, 285 сунъий иншоот ва сув ўтказиш қувурлари, умумий узунлиги 2,1 километр, ўртача баландлиги 25 метрлик 15 темир йўл кўприги ва 6 йўл ўтказгич барпо этилди. 4 станция, 4 разъезд ва 2 вокзал қуриб битказилди, 2 ним тортиш станцияси қурилди. Умумий қиймати қарийб 1 миллиард 635 миллион долларлик маблағга тенг бўлган мазкур улкан лойиҳа доирасида темирйўлчилар учун ўнга яқин турар жой бинолари барпо этилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур темир йўл орқали шу йилнинг ўзида 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш мумкин. Қурилиш даврида 4 минг киши иш билан таъминланган бўлса, темир йўлдан доимий фойдаланила бошлагач, яна 1,5 минг янги иш ўрни яратилади.
Айни пайтда қурилиш ишларининг мураккаблиги бўйича дунёда саккизинчи, узунлиги жиҳатидан ўн учинчи, МДҲ мамлакатлари орасида ягона бўлган Қамчиқ туннели Тошкент вилояти билан Наманган вилояти ўртасида робита вазифасини ўтайди.
...Дастлабки поезд Қамчиқ туннелини – Сардаладан бошланиб Чодак қишлоғигача бўлган масофани 16 дақиқада босиб ўтди.
“Ўзэкспомарказ” билан Қамчиқ туннели ўртасида тўғридан-тўғри видеоалоқа ўрнатилди.
Маросимда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг улкан самараси, халқларимиз ўртасидаги яқин дўстликнинг яна бир ёрқин намунаси эканини таъкидлади.