...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ислом Каримов Тошкент вилоятининг собиқ ҳокимини одамларни менсимасликда айблади


12:51, 05.02.2016 Жамият
 7 831

Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахсларга нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноий иш қўзғатилди.

4 февраль куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этиб, Тошкент вилояти, Зангиота тумани ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Содиқ Абдуллаевни Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тайинлаган эди. Мазкур йиғилишда президент Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг ўз лавозими озод этилиши сабабларига тўхталди.
 
“Тошкент вилоятида иш бошлагач, дастлабки пайтда А.Усмоновнинг фаолиятида вилоят олдида турган вазифаларни амалга ошириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун бирмунча ҳаракатлар кўзга ташланди. Лекин, минг афсуски, ҳаёт шундай мураккаб бир ҳолатларни олдимизга қўяди. Яъни, одамнинг, юқори лавозимга тавсия этилаётган шахсларнинг ички дунёсини, уларнинг асл инсоний фазилатларга эга бўлишини аниқлаш ўта оғир ва мураккаб вазифа, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Вақт ўтиши билан бу инсоннинг ишга қараши ва одамларга муносабатида манманлик, ўзига бино қўйиш, ён-атрофдагилардан ўзини юқори тутиш, қўполлик, қўл остида ишлаётганларни менсимаслик, уларнинг фикри билан ҳисоблашмаслик каби ҳолатлар “иш услуби”га айланиб қолди. Энг ёмони, бундай муносабатлар биринчи раҳбар билан вилоят фаоллари ўртасида катта жардек тушунмовчилик пайдо бўлишига олиб келди.
Ўзингиз айтинг, вилоят раҳбари томонидан ўзи билан бирга ишлайдиган етакчи ва мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, руҳини кўтариш ўрнига, уларнинг шахсига тегиш, кўнглини чўктириш ўзаро ҳурматга олиб келиши мумкинми?

Шу борада бир ҳақиқатни яна бир бор айтишга тўғри келади: оддий одамларимиз, халқимиз ҳамма нарсани кузатиб туради, ён-атрофида юз бераётган воқеалардан хабардор бўлиб, ҳар қандай раҳбарнинг ҳам ишига албатта ўз баҳосини бериши муқаррар. Агарки кимдир хомхаёлда юриб, бошқача фикрлайдиган бўлса, катта хатога йўл қўяди. Шундай ўйлайдиган одам вақти келганида чексиз надомат ва пушаймонликда қолиши турган гап.

А.Усмоновнинг иш фаолиятидаги номақбул хусусиятлар ҳақида, ўз масъулиятини ошириши зарурлиги ҳақида унга кўп бор айтилиб, суҳбатлар ўтказилган бўлса-да, лекин оёғи ердан узилиб қолгани учун бу гаплардан у тегишли хулоса чиқариб олмади ва бу ўз навбатида унинг вилоят фаоллари ва жамоатчилиги ўртасида обрў-эътиборини йўқотишига олиб келди.

Табиийки, бундай ҳолат вилоятда ишни ташкил қилишда жиддий хатоларга сабаб бўлди”.

Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган А.Усмонов кадрларни танлаш ва лавозимга қўйишда ғаразли мақсад билан иш кўриб, асосан ўзига шахсий садоқатда бўлган, лекин зарур билим ва тажрибага, маънавий фазилатларга эга бўлмаган шахсларни турли раҳбарлик вазифаларига тайинлагани, Тошкент вилоятининг ўзида юқори малакали кадрлар етарли бўлишига қарамасдан, баъзи бир лавозимларга ўзининг таниш-билишларини олиб келиш унинг одатига айланиб қолгани қайд этиб ўтилди.

Масалан, Тошкент вилояти ҳокимлигининг ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи лавозимига А.Ҳамдамов, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи вазифасига Б.Қораев тайинланган. Шунингдек, у вилоят ҳокимлигининг ишлар бошқарувчиси вазифасига, капитал қурилиш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибият мудири лавозимига, ҳуқуқ-тартибот, сафарбарлик ва фавқулодда ҳолатлар бўйича тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи гуруҳ бошлиғи вазифасига, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг бош муҳандиси лавозимига ўзига яқин одамларни ишга қўйган.

Ўз шахсий манфаатини кўзлайдиган бу шахслар амалдаги қонунчиликни бузиб, мансабни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ турли жиноятларни содир этишган. Ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли уларнинг айримлари (А.Темиров, А.Сатторов, О.Маҳмудов) жиноий жавобгарликка тортилган, айримлари (А.Эржигитов, А.Ҳамдамов, Б.Қораев, С.Самадов) ишдан бўшатилган.

А.Усмоновнинг яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахслар, жумладан, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси А.Умаров, вилоят ҳокимлигининг собиқ ишлар бошқарувчиси М.Икромов, вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бош муҳандиси Ш.Хўжамқулов, “Руббер траст шосс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Исмоилов порахўрликда айбланиб, уларга нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Теглар:Ислом Каримов Тошкент вилояти Ҳоким 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Nuriddin
17:48 05.02.2016

Худога минг шукурки шундай хормас-толмас президентимиз бор. Ислом Каримов хакикатдан буюк инсон.


Даврон
16:27 05.02.2016

Хакикат карор топади дегани шу булади.Барча фирибгарлар жазосини олади.Янги хоким даврида навбат фонограммачи-фирибгарларга келса ажаб эмас.Президентимиз уз китобида маънавият хакида бежиз айтмаганлар.Куллаб -кувватланаётган кузбуямачи кушикчилар маънавиятга зид ишлар килишмокда.Узбекистон кушикчилик санъатидаги догларни ювиб ташлаш барчамизнинг бурчимиздир.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар