Эндиликда Ингушетиядаги тўй маросими кортежида 3тадан ортиқ машинанинг иштирок этиши тақиқланди.
18 июль куни Ингушетияда катта йўлда кетаётган кортежни қувиб ўтмоқчи бўлган Lada Priora тезликни оширади ва кутилмаганда бошқарувни йўқотиб йўл четига чиқиб кетади. Натижада машина бир неча бор ағдарилади. Ҳайдовчи катта куч билан айланаётган автмобиль ойнасидан ташқарига чиқиб кетади. Ойнадан отилиб чиққан ҳайдовчи юзтубан ерга йиқилади ва ағдарилиб кетган автомобилнинг тагида қолади.
Lada Priora билан олдинма-кетин келаётган машина ҳайдовчилари зудлик билан тўхташди ва машинани кўтариб, тагидан ҳайдовчини чиқариб олишди. Устидаги оғир юк олингач, ҳайдовчи ўзига келди. Қаттиқ қўрқиб кетган ҳайдовчи оёқларини ҳаракатга келтиришга уринди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади. Унинг ҳозирги аҳволи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Жараён бевосита тўй видеотасмаси учун тасвирга олинаётгани сабабли, мазкур ЙТҲ маросимда иштирок этаётган ҳайдовчиларнинг бири томонидан интернетга жойлаштирилди.
Шунга ўхшаш йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 18 июль куни Ингушетия раҳбари Юнус-бек Евкуров мамлакат Хавфсизлик Кенгаши котиби Аҳмед Дзейтов билан учрашув вақтида тўй маросимларида содир бўлаётган ЙТҲларнинг кўплиги инобатга олган ҳолда бундай тадбирларда иштирок этадиган машиналар сонини кескин камайтириш борасидаги таклифни киритган. Бу ҳақда “Lenta.ru” нашри хабар қилди.
Тўй маросимлари чоғида содир бўлган ЙТҲлар жамланган бир қатор видеороликларни кўриб чиқиб, Евруков ЙТҲлар бирваракайига бир неча қоидабузариликлар сабаб содир бўлаётганини айтиб ўтди.
Шу муносабат билан Евруков Хавфсизлик Кенгаши ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекциясига тўй тадбирларида иштирок этадиган машиналар сонини камайтириш борасидаги чора-тадбирларни кўришни топширди. Шу билан бирга давлат раҳбари тўй маросимларида 3тадан ортиқ машина иштирок этмаслиги кераклигини ҳам айтиб ўтди.
Айтиш лозимки, Ўзбекистонда ҳам тўй тадбирларида, дунёга келган гўдакни туғруқхонадан уйга олиб кетишда иштирок этадиган машиналарнинг қаторлашиб юриши ва видеотасвир учун турли манёврларнинг амалга ошириши урфга кириб бормоқда. Бу эса йўлда кетаётган бошқа машиналарга ноқулайлик туғдиради.