Ички ишлар органи ходимлари фуқаролар хавфсизлигини қанчалик таъминлай олишини бир ҳодиса орқали баҳолаш мумкин эмас.
Фавқулодда ҳолатларда ички ишлар ходимининг тўғри ҳаракати фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдаги энг асосий масаладир.
Кеча, 5 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Йўл патрул хизмати ходими ўғирланган автомобилни тўхтатиш учун қуролдан фойдаланиб, автомобилга қарата ўқ узгани ҳақида хабар берган эдик. Маълумотларга қараганда, мазкур воқеа Тошкентнинг Ҳамид Олимжон метро бекати яқинида содир бўлган.
Йўл патрул хизмати ходимлари жиноятчилар томонидан олиб қочилган Spark русумли енгил автомобилни тутиш жараёнидан ўзларининг уқувсизликларини кўрсатдилар. Буни таъқибдан қочишга уринаётган машинага нисабатан ҳимоясиз ЙПХ ходимларининг 3–4 нафари ташлангани ва бу ҳолат уларнинг ҳаётига хавф туғдирганини кузатдик. Бир неча киши жароҳатланди.
ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан қурол ўқталган бўлсада, ҳайдовчи ҳаракатланишда давом этди. Бу эса жиноятчиларда ЙПХ ходимларида доимо кабура (пистолеть ғилофи) бўш туриши ҳақида тасаввур мавжудлигидан дарак беради. Жиноятчи ИИБ ходимининг қуроли ўқланганига шубҳа билдирган ёки қуролдан отишни билмайди деган фикрда ходимни босиб кетишга ҳаракат қилди.
ЙПХ ходимлари жанговар шайлиги борасида аҳолида шубҳа туғилмоқда, уларнинг кўчаларда савлат билан юришлари ёки туришлари аҳолида ўзини хавфсиз ҳис қилиш имконини бермаётганга ўхшайди.
Ашаддий жиноятчиларни тутишдаги бунақанги бўшлик жиноятчиликнинг кўпайишига ва аҳоли норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабдан ИИБ ходимлари малакаси ва жанговар тайёргарлигини қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.
Ички ишлар органи ходимларининг саломатлиги ва уларнинг зарур техника ва анжомлар билан таъминланганлиги фуқаролар хавфсизлиги гаровидир.