Бунга Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Рустам Джураев ойдинлик киритди.
Пойтахт Ички ишлар Бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ушбу қарор асосида амалга ошириладиган ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Рустам Джураев “Постда” газетасига гапириб берди.
Унинг таъкидлашича, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Бош бошқарма бошлиғи лавозимининг киритилиши ИИББ раҳбарига Тошкент шаҳрининг барча ички ишлар органлари фаолиятини, шу жумладан, бириктирилган куч ва воситаларни мувофиқлаштириш ҳуқуқини берди. Бу ИИББ бошлиғининг тезкор вазиятга тааллуқли фармойиш, буйруқ ва кўрсатмаларининг ижроси нафақат бош бошқармага тўғридан-тўғри бўйсунувчи, балки Ўзбекистон Республикаси ИИВ тузилмаси таркибига кирувчи ва Тошкент шаҳри ҳудудида хизматни ўтовчи барча бўлинмалар учун мажбурий эканини билдиради.