Қайси даврага кирманг, суҳбат мавзуси ё янги йилнинг номланишига, ё ислоҳотларнинг кенгайишига бориб тақалмоқда.
Сайловда 88.61 фоиз овоз тўплаб, ғалабага эришган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқи муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Қайси даврага кирманг, суҳбат мавзуси ё янги йилнинг номланишига, ё ислоҳотларнинг кенгайишига бориб тақалмоқда. Албатта, одамлар давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришлардан мамнун. Хусусан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев ҳам.
Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
— Мулоқотсиз, фикр алмашувларсиз тараққиёт бўлмайди. Халқ билан мулоқот – бу икки томонлама фикрлашув, муаммоларга ечим топиш, аҳолининг давлат бошқарувидаги ролини ошириш демак. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада халқимиз қалбидаги катта бир орзуни айтди: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур”. Асли демократия деганлари шу: халқ ҳуқуқ-манфаатларининг асосий ролга чиқиши – кучли давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришнинг мустаҳкам омили.
Президентимиз ёш авлод тарбияси ҳақида гапириб, Абдурауф Фитратнинг “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”, деган фикрларини барчамизга бежиз эслатмади. Бу оилавий китобхонлик даражасини ошириш билан чамбарчас боғлиқ. Чунки оилавий китобхонлик нафақат оилаларда, балки бутун жамиятда ўзаро бир-бирини тинглаш-англаш қобилиятини юксалтиради, ўзаро мулоқот ва фикрлашиш маданиятини янада оширади.
Маърузада ёшларни турли ёвуз хавф-хатарлардан асраш борасида ҳам ниҳоятда оғриқли бир масала кун тартибига қўйилди. “Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”, дейилди. Ёшлар билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришда ижодкорларимиз ҳам камарбаста бўлишини истардим. Чунки табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди, ёшлар қалби учун курашиш – келажак учун курашиш демакдир.