Европадан депорт қилинган мигрантлар Туркия орқали ўз давлатларига қайтарилади.
4 апрель тонгида Грециядан йўлга чиққан биринчи кема Туркияга депорт қилинган 131 мигрантни олиб келди. Уларнинг аксарият қисми покистонликлар ва бангладешликлардир. Улар Дикили портига келиб тушдилар, дея “Dailysabah” хабар берди.
Туркия Ички ишлар вазири Эфкан Аланинг айтишича, Туркия душанба куни 500 мигрантни қабул қилишга тайёр эди, лекин Греция ҳукумати 400 кишилик рўйхатни юборган. Бу рўйхат ўзгариши ҳам мумкин.
“Туркия орқали фақат 20 мартдан сўнг Европага борган мигрантлар ва муҳожирларгина мамлакатга қайтарилиши мумкин”, – дейди Ала.
Ноқонуний мигрантлар ўрнига суриялик муҳожирларнинг 35 кишилик биринчи гуруҳи 4 апрель куни Германияга келиши кутилмоқда. Муҳожирларнинг бошқа гуруҳлари Франция, Финландия ва Португалияга жойлаштирилади.
Туркияга депорт қилиниш муддатини чўзиш мақсадида, Грецияда минглаб мигрантлар ҳукуматга бошпана сўраб мурожаат этмоқдалар. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
Биргина Лесбос оролидаги Мория лагерида, қарийб икки минг мигрант бошпана сўрамоқда. Шундай қилиб, уларнинг аризаси кўриб чиқилгунча, Туркияга қайтиш жараёни кечиктириб турилади. Бу бир неча ойга чўзилиши мумкин.