Бундестаг дастурида расмий қочоқ мақомига эга бўлмайдиган муҳожирларни юртига қайтариш бўйича молиявий таъминлаш режалаштирилди.
Европа ОАВларининг хабарига кўра, Бундестагда ўтган йилнинг ноябрь ойида тасдиқланган мазкур дастур айни вақтда қуролли тўқнашувлар содир бўлмаётган 11 давлат муҳожирларига қаратилган. Тунис, Марокко, Нигерия, Косово, Сербия ва Албания шу жумладан бўлиб, дастур ижроси учун Бундестаг 150 млн евро маблағ ажратган эди.
Германия канцлери Ангела Меркелнинг фикрича, ҳукумат томонидан расмий муҳожирлик мақомига эга бўла олмайдиган чет элликлар ГФРдан мажбурий депортация этилишини кутиб ўтирмай юртига қайтиб кетишлари керак.
Ўтган йил давомида Германияга 280 минг нафар муҳожир кириб келиб, улардан 25 минг нафари депортация қилинган. 55 минг нафар муҳожир эса ўз ташаббуси билан мамлакат ҳудудини тарк этган. Германия ИИВ маълумотларига кўра, 2015 йилдан бери мамлакат ҳудудига 1,2 млн муҳожир кириб келган.