...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ғарқ бўлган кемалар: океаннинг сувости қабристонлари


15:42, 09.09.2017 Бу қизиқ
 3 301

1594 йилда португалиянинг “Чагас” номли кемаси 2 миллион дона, ҳар бири 3.5 грамм бўлган тилла тангадан иборат бойликлар билан Европага йўл олади.

Азиз муштарий, “Бу қизиқ” туркумининг навбатдаги мавзуси денгиз экспедицияларида ғарқ бўлган кемалар ҳақида... Унинг биринчи ва иккинчи туркум маълумотлари билан танишдингизми?
 
5-маълумот. Ҳудуди жиҳатидан дунёда иккинчи ўринда турадиган Атлантика океанининг сувости қабристонлари
 
Буни қарангки, хазиналар бўлиши мумкин дея тахмин қилинган ҳудудларнинг ҳар 5 дан 3 таси Атлантикага, аниқроғи Кариб денгизига бориб тақаларкан. Хазина қидирувчиларнинг харитасида ушбу ҳудуд алоҳида эътиборда.
 
Масалан, Испания елканли кемаларидан қолган олтин ва кумуш сандиқларнинг аксарият қисми ҳанузгача Флорида қирғоқларининг шарқий ўзанидан то Багам оролларигача бўлган худудда, бир неча метр сув тубида замбуруғ босиб ётибди.
 
Ўтган асрлар давомида ушбу хазиналар сув ўсимликларидан қават-қават “қалпоқ” кийиб олган бўлса ажабмас.
 
Чўкиб кетган хазиналар жуда кўп. Масалан, Бермуд ороллари яқинидаги Гатерас қўлтиғи, Испания қирғоқлари ва Голландиянинг Зейдер-зе ботиғи тубида ҳам мавжуд.
 
Гаити оролларининг шимолий­ғарбида жойлашган Таратута ороли атрофида сувости қабристонлари бор. Бу Испанияга йўл олиб сувга ғарқ бўлган кемаларнинг қабристони деб аталади.
 
Ушбу оролидан унча узоқ бўлмаган жойда Силвер­Бенк ҳавзаси мавжуд бўлиб, у ерда XVII асрнинг ўрталарида 21 миллион долларга тенг “юк” ортилган кема чўккан.
 
 6-маълумот. 2 миллион тилла танга ортилган “Чагас” кемасининг ҳалокати
 
Атлантиканинг Азор ороллари атрофидаги қирғоқларда ҳам анчагина сувости хазиналари бор. 1594 йилда португалиянинг “Чагас” номли кемаси икки миллион дона, ҳар бири 3.5 грамм бўлган тилла тангадан иборат бойликлар билан Европага йўл олади.
 
Бу ҳинд диёридан ортилган энг қимматбаҳо юк эди. Манзилга етиб боришда кўзда тутилмаган ишлар содир бўлди...
 
“Чагас” капитани ҳалокатга учраган португалиянинг иккита кичик кемасидан омон қолган денгизчиларни ўз кемасига олишга мажбур бўлди.
 
Кемада кишилар сонининг ортиши — тартиб­интизом ва одатдаги гигиена қоидаларига риоя қилиш тартиби йўқолишига, бунинг оқибатида эса юқумли касалликлар тарқалишига олиб келди.
 
Бора-бора вазият шундай тус олдики, деярли ҳар бир соатда биттадан жасад сувга ташлаб юбориларди.
 
Бу ҳам етмагандай кема Азор оролларининг бирига яқинлашганда инглиз қароқчи кемаси томонидан ҳужумга дуч келди. Икки кема бир­бирини тўпларда нишонга олганча аёвсиз жанг бошланади.
 
Бунинг оқибатида “Чагас” кемасида ёнғин чиқиб, кема барча бойликлари билан денгиз қаърига ғарқ бўлади.
 
Азиз ўқувчи, “Ғарқ бўлган кемалар” сарлавҳаси остида берилаётган маълумотларни кузатиб боринг!
Улуғ БЕК

Теглар:Янги қитъанинг кашф этилиши Ғарқ бўлган кемалар Денгиз экспедициялари Сувости хазиналари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!