...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ғарқ бўлган кемалар: эхокарнайлар тополмаган хазиналар


17:30, 09.09.2017 Бу қизиқ
 3 236

Кема ичидан 177 дона кумуш ёмби, 15 дона ярим килограмлик олтин ёмбилар ва 10 та турли оғирликдаги тилла тошлар бор эди.

7-маълумот. “Кумуш флот” олтинлари ёки дом-дараксиз кетган экспедициялар
 
1591 йил, “Чагас” фалокатидан уч йил олдин эса айнан ўша Азор ороллари қирғоғида яна бир қимматбаҳо буюмлар ортилган кема — “Кумуш флот” тўфонга дуч келиб, изсиз йўқолганди.
 
Одатда жануби­шарқий томондан эсадиган бу кучли шамол ҳалокатга учраган кемаларнинг қолдиқларини қирғоққа чиқариб ташлар эди. Айнан ўша кема қолдиқлари топиб олингандан сўнг денгизчилар ҳалокатга учрагани маълум бўларди.
 
Аслида изсиз йўқолган кемалар, дом-дараксиз кетган экспедициялар сони жуда кўп. Кеманинг ҳалокатидан дарак берувчи кема қисмлари бошқа бир кема саёҳати давомида топиб олинса, қайд этиб борилган. Қайтиб келмаган, бирорта ном-нишони бўлмаган кемалар эса алоҳида рўйхатга тушган.
 
Айрим кема денгизчилари Европанинг исталган қирғоғи ёки маълум бир оролдан қўним топиб, олиб келинган бойликларни яширишган. Сўнг кемани чўктириб, экспедицияни молиялаштирган қироллик ёки пул тиккан амалдордан даромадларини яширишган урунган ҳолатлар ҳам мавжуд.  
 
8-маълумот. Йўқолган кемаларни изловчи денгизчилар ва уларнинг ҳозирги кундаги давомчилари
 
Денгиз туби йиллар давомида саёҳатчиларнинг бойликларини тортиб олар, бой берилган хазинани изловчи гуруҳларнинг эса машаққатли ишини тўхтамас эди.
 
Ҳозирги кунда ҳам чўккан кемалардаги хазиналарни қидириб топиш кимгадир кундалик ташвишлардан халос қилувчи машғулот бўлса, яна бировларига бу касб ҳаётининг мазмунига айланиб улгурган.
 
Ушбу ҳаракат XVII асрдаёқ ташкил топган эди. 1686 йилда инглиз хазина қидирувчилар гуруҳи сардори Уильям Фипсс Кариб денгизи тубидан 1.5 миллион долларга баҳоланадиган хазинани топиб, сув юзига чиқаришга муваффақ бўлди.
 
Бироқ бу 1643 йилдаги денгиз тўфонидан ғарқ бўлган “тилла кемалар”нинг ўн олтидан атиги биттаси эди. Қолганлари ҳалиям Гаити оролларининг шимолий ҳудудидаги сувости кенгликларида ястаниб ётган бўлса не ажаб.
 
Яна бир хазина қидирувчи Герберт Хамфрининг омади чопди. У Гаити оролларининг собиқ Эспаньола номли ҳавзадаги қирғоқларнинг бирида “Нуэстра сень­ора де лас Маравильяс” номли ғарқ бўлган кемани топишга муваффақ бўлди. Кема ичидан 177 дона кумуш ёмби, 15 дона ярим килограмлик олтин ёмбилар ва 10 та турли оғирликдаги тилла тошлар бор эди.
 
9-маълумот. 88 та олтин ортилган кемалар қабристони ва эхокарнайлар тополмаган хазиналар
 
Хазина қидирувчилар ҳаракат бизнинг давримизда ҳам тўхтагани йўқ. Масалан, 1997 йилнинг ёз ойларида португал­америка экспедицияси Тейсер ороли яқинидаги ҳавзада тадқиқот ишлари олиб бордилар.
 
Тейсер ороли — Азор оролларидан бири.
 
Экспедиция аъзолари энг замонавий асбоб­ускуналар билан қуролланганди. Негаки, айрим тарихий манбаларда келтирилишича, ушбу орол яқинида 88 та “олтин кема” чўккан.
 
Сув сатҳидан 5 метрча чуқурликда металл буюмлар бор ёки йўқлигини аниқловчи эхокарнайлар билан иш бошлаган экспедиция аъзоларининг ҳафсаласи пир бўлди.
 
Негаки сув тубидаги ҳар қандай буюмнинг устки қисми йиллар давомида “чанг” билан қопланган эди.
 
“Чанг” деганимиз — лойқа сувларнинг тиниш оқибатида менерал тузларнинг тўпланиши. У сув ўсимликларидан иборат қатламларнинг янгиланиб бориши оқибатидан ҳосил бўлади. Энг қизиғи, ушбу  “чанг” таркибида металл унсурлар мавжуд экан.
 
Хуллас, ҳалиги энг замонавий асбоб-ускуналар иш бермади. Эхокарнайлар “хазина” дея топган жойларда минерал тузли қоялардан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Тадқиқотни тўхтатган археолог Пауло Монтейрон 88 та олтин кемани излашдан воз кечди... 
 
Азиз муштарий, “Бу қизиқ” туркумининг навбатдаги мавзуси денгиз экспедицияларида ғарқ бўлган кемалар ҳақида... Унинг биринчи ва иккинчи ва учинчи туркум маълумотлари билан танишдингизми?
Улуғ БЕК

Теглар:Замонавий хазина қидирувчилар Ғарқ бўлган кемалар Денгиз экспедициялари Сувости хазиналари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!