Мехикодаги мактаб биносининг қулаши оқибатида 30 нафардан ортиқ болалар ҳалок бўлди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Мексикада 19 сентябрь куни кечаси содир бўлган зилзила қурбонлари сони қарийб 250 нафарга етган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар тарқатди.
Қурбонларнинг аксарият қисми Морелос штатида қайд этилган. Бу жой зилзила ўчоғи ҳисобланади. Шунингдек, Мехикода 117 киши, Пуэблада 40 дан ортиқ киши вафот этган.
Зилзила туфайли Мехикодаги мактаб биносининг қулаши оқибатида 30 нафардан ортиқ болалар ҳалок бўлди.
Мексика Миллий сейсмология марказидан хабар беришларича, кучли зилзиладан кейин 10 мартадан ортиқ афтершоклар кузатилган.
Расмий маълумотларга қараганда, пойтахтда 40 тадан зиёд бино зарарланган. Ҳарбийлар, фуқаролик мудофааси кучлари, полиция ва кўнгиллилар вайроналар остидан тирик қолганларни қутқаришмоқда.
Жабрланганлар учун ҳукумат томонидан вақтинчалик турар-жой ажратилди. Мамлакат президенти Мехиконинг 40 фоиз ва Морелоснинг 60 фоиз ҳудуди электр энергия таъминотисиз қолганлигини маълум қилди. Аввалроқ, 3,8 миллион аҳоли электр чироғисиз қолганлиги айтилганди.
Мексика Ички ишлар вазирлиги мамлакат пойтахтида фавқулодда ҳолат эълон қилди.