Хонанданинг илк альбомидан нафақат ўзбек, балки инглиз ва рус тилларидаги қўшиқлар ҳам ўрин олган.
Умидахонни илк ташаббус, ютуқ билан қутлаш мақсадида тақдимотга кўплаб эстрада хонандалари – Ойбек ва Нигора, Мадина Мумтоз, Манзура, Дилсўз, Фаррух Аҳмедов, “Божалар” гуруҳининг аъзоси бўлган марҳум Мўмин Ориповнинг рафиқаси Камола Орипова ва фарзанди Билол Мўминов ташриф буюрди.
Яқинлар ва дўстларнинг хонандага билдирган илиқ фикрлари, табрикларидан сўнг Умида Ҳожиева “Оти юлдузимсан” ҳамда “Қоч” таронасини куйлаб берди. Олқишлардан руҳланган тақдимот иштирокчилари Умидахон билан суратга тушишга ошиқишди.
Альбомнинг муқовасига эътибор қаратганимизда, унга "Оти юлдузимсан" деб ёзиб қўйилган эди. Биз ҳайрон қолдик ва шу бўйича хонанданинг дўстлари Ойбек ва Нигорага мурожаат қилганимизда аслида альбом номи "Юлдузимсан" эканига, "Оти" деган сўз эса хонанда маъмурининг хатоси туфайли альбом муқовасида акс этганини билдик.
Умидахоннинг айтишича, хонанданинг илк альбомидан нафақат ўзбек, балки инглиз ва рус тилларидаги қўшиқлар ҳам ўрин олган. Фақат у яқинда мухлислар эътиборига ҳавола этган “Йиғламагин” қўшиғинигина альбомга киритишга улгурмай қолганидан бироз афсусдалигини таъкидлади.
Аммо хонанда энди тўхташга ҳаққи йўқлигини ва кейинги йил ўзининг илк яккахон концертини бериш нияти ҳам борлигини маълум қилди.