Умид Аҳмаджонов “Реал Мадрид” – “Депортиво” учрашувини “Сантьяго Бернабэу” стадионида томоша қилди.
Умид Аҳмаджонов Испанияда “Реал” клуби президенти Флорентино Переснинг таклифига кўра, Ла лиганинг 20-туридан ўрин олган “Реал Мадрид” – “Депортиво” учрашувини бевосита “Сантьяго Бернабэу” стадионида томоша қилди.
Шунингдек, Умид Аҳмаджонов “Реал Мадрид” клуби президенти Флорентино Перес, жамоа Бош директори Хосе Анхель Санчес, клубнинг Ташқи алоқалар бўлими директори Эмильо Бутрагеньо, “Stellar group” агентлик компаниясининг Испания ва Португалия бўлими президенти Луис Алонсо билан учрашди.
Учрашув давомида ўзбек футболига Испаниядан кучли мутахассислар жалб қилиш, “Реал Мадрид” академияси филиалини Тошкентда очиш, болалар мураббийлари малакасини ошириш учун турли семинарлар ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун режага кўра Умид Аҳмаджонов “Реал Мадрид” академиясига ташриф буюради ва академия директори Хулио Ронко билан учрашади. Эртага, 23 январь санасида эса ЎФФ президенти Парижга йўл олади ва у ерда Франция футбол федерацияси раҳбарлари билан кўришади.