Учрашув якунида икки томонлама Қўшма баёнот имзоланди.
Бугун, 10 март куни Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи якунида Томонларнинг Қўшма баёноти имзоланди.
Президентлар узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш ва ҳамкорликнинг барча йўналишларидаги мавжуд юксак салоҳиятни имкон қадар тўла рўёбга чиқариш мақсадида яқин истиқболда икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган, мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Давлат раҳбарлари икки мамлакатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имкониятлари ва транзит салоҳиятидан имкон қадар тўла фойдаланишга алоҳида аҳамият берган ҳолда, транспорт қатнови соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва мавжуд автомобиль, темир йўл, ҳаво қатнови транзит йўналишларини қайта тиклаш ва янгиларини яратиш масалаларини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли идораларга топшириқ бердилар.
Шунингдек, икки мамлакат Президентлари ўзбек тилини Тожикистонда ҳамда тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш ва ўргатишни такомиллаштириш, ўзбек ва тожик тилларида ўқитиладиган умумий таълим ўқув муассасалари тизимини кенгайтириш, ўқув ва бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар билан алмашинув бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, икки мамлакатнинг мумтоз адабиёт вакиллари ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Томонлар “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” номли Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Тошкент шаҳри, жорий йил 26-27 март) ҳамда Терроризм ва радикализмга қарши курашиш масалалари бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Душанбе шаҳри, жорий йил 3-4 май) ўтказилишини мамнуният билан эътироф этадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга ва бутун Тожикистон халқига Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик, самимий ва дўстона қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлишни таклиф қилди.
Ташрифнинг аниқ муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.