Президент Когон шаҳридаги кластернинг ишлаш тартиби ва самарадорлиги билан танишди.
Бугун, 17 февраль куни Президент Когон туманидаги чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластерининг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати маълум қилди.
Кластерга тумандаги бўш турган бино ва иншоотлар “ноль” қийматда берилган эди.
Ўтган вақт давомида бинолар таъмирланиб, Хитойдан бир кеча-кундузда 450 тонна чиқиндини қабул қилиш қувватига эга технология келтириб, ўрнатилди.
Бу ерда металл, тош, шиша, яроқсиз резина ва автошиналар, пластмасса, ёғоч-тахта бўлаклари, шох-шаббалар, макалатура, қурилиш материаллари, матолар чиқиндиси сараланади.
Улардан брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, қурилиш блоклари, биогумус ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Тўрт юздан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхона бугунги кунда Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон туманларидаги маиший чиқиндиларни ташиб келтирмоқда.
Кейинчалик корхона фаолиятини кенгайтириб, вилоятнинг барча ҳудудларида пайдо бўладиган чиқиндиларни йиғиб келтиришни режалаштирган.
Президент кластернинг мазкур режаларини маъқуллади.
“Шу пайтгача бу масала билан ҳеч ким шуғулланмаган эди. Чиқинди қайта ишланса, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, кўплаб иш ўринлари яратилади.
Энг муҳими, экологиямиз тоза бўлади, кейинчалик сув ва ҳаво орқали аҳоли саломатлигига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олди олинади”, деди Президент.
Корхона атрофидан ишчилар учун уй-жой, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шифохона, спорт майдончаси, автотураргоҳ, уларнинг фарзандлари учун мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаси қуришни мўлжалламоқда.
Шавкат Мирзиёев корхона ташаббускорлари ва жамоасига миннатдорлик билдирди.
Чиқинди йиғиш қамрови ва қайта ишлаш қувватини янада кенгайтириш, шундай корхоналарни бошқа жойларда ҳам ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунинг билан Президент Шавкат Мирзиёвнинг Бухоро вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.