...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фазлиддин Ғоибназаров уни йиғлатган айрилиқ, адолатсизликка чидай олмаслиги ва “юлдузлик касали”га чалингани ҳақида


15:07, 30.12.2016 Интервью
 82 437

Фазлиддин Ғоибназаров билан суҳбатимиз қизғин кечди. У ОАВ, миш-мишлар мавзуси, оиласи, тушуниб етган ҳақиқатлари ҳақида гапирди.

Аввалроқ, 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги олимпиада ўйинларида олтин медални қўлга киритган ҳамюртимиз, бокс устаси Фазлиддин Ғоибназаровнинг хонадонига ташриф буюриб, “Qalampir.uz” сайти учун эксклюзив интервью тайёрлангани ҳақида хабар берган эдик. Бугун мазкур интервьюни тўлалигича эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
Спортчи Фазлиддин Ғоибназаров билан суҳбатимиз қизғин кечди. У ўзини қатъий, ўз фикрига эга, мард инсон сифатида намоён қилди.


 
— Машҳур шахслардан бири “Инсон бирор касбда омадга эришиши учун унинг ё ота-онаси жуда кўп ҳаракат қилиши, ёки боланинг ўзида катта истак бўлиши керак. Иккиси ҳам бўлмаса, бундан ҳеч нарса чиқмайди”, деган эди. Спортга бўлган иштиёқни сизда ким ўйғотган?
— Тўғрисини айтганда, ёшлигимдан боксга эмас, эркин курашга қизиққанман. Болалигимда тўпалончи бўлганим сабабли, бир куни ўқитувчимиз навбатдаги шўхлигимиз учун дўстим Достон билан мени дарсдан чиқариб юборди. Кейин, дўстим бокс тўгарагига қатнашаётганини айтиб, мени ҳам ўша ерга таклиф қилди. Бир неча бор қатнашганимдан кейин, бокс ўзимга ҳам ёқа бошлади. Мактабдаги дарслар тушдан кейин бошланар эди. Эркин кураш тўгарагига боришни жуда-жуда истардим, аммо бу тўгарак куннинг иккинчи ярмида, бизда дарс бошланган маҳалда бўларди. Бокс тўгараги эса эрталаб. Шу тариқа мана, 16 йилдирки, ҳаётим бокс билан боғланган.


 
— Демак, ярим йўлда ташлаб кетишга кўзингиз қиймагани ва эркин курашга қулай вақт топилмагани учун боксда қолгансиз...
— Йўқ. Бокс билан шуғуллана бошлаганимдан кейин, бир неча йил ўтгач, қатор жангларда ғолиб бўлиб, совринларни қўлга киритдим. Кейин эса бу спорт турига бўлган қизиқишим янада ортди. Мен бокс учун яралганимни тушундим ва ўз устимда ишлашга ҳаракат қилдим.


 
Боксга бўлган меҳримнинг уйғониши, Рио-2016 да ғолибликни  қўлга киритишимда устозим Аброр Турсунпўлатовнинг ҳиссаси жуда катта. У киши мен учун ўз отамдек бўлиб кетган. Ҳозир ҳам шу инсон билан машқ қиламан. Бухорода менга сабоқ берган устозларим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Олим Муҳаммедов, Нодир Ғуломовларнинг ҳам ҳаётимдаги ўринлари катта.


 
— Билишимизча, рафиқангиз билан танишишингизга ҳам спорт сабаб бўлган.
Тўғри, рафиқам Шаҳноза билан спорт сабабли танишганмиз. Муҳаббат билан икки ярим йил аввал турмуш қурганмиз. Ҳозирда икки нафар фарзандимиз, ўғлимиз ва қизимиз бор.


 
— Эшитишимизча, сиз Риога кетган вақтингизда Тошкентда қизингиз дунёга келган. Сизга бу ҳақда ким хабар берди?
Ҳа, Риода бўлган вақтимда рафиқам қизимиз Ҳадичани дунёга келтирди. Қизлик бўлганим ҳақида интернет орқали хабар топдим. Оила аъзоларим мени ҳаяжонлантирмаслик, хавотирга қўймаслик, чалғитмаслик учун айтишмаган экан. Ўша вақтда мураббийнинг буйруғи билан дам олаётгандим. Фарзандли бўлганимдан хабар топиб, жуда хурсанд бўлдим. Қизим бўлишини орзу қилардим. Шундай кунларда унинг туғилиши менга катта куч берди. Рақифам интернет орқали унинг суратларини юборганида, кўриб кўзим тўймасди...



 
Унинг исмини Риодаги иштирокингиз, ғалабангиз шарафига қўйганмисиз?
— Йўқ. Ёшлигимдан уйланиб, фарзандли бўлсам, ўғлим туғилса, Абдуллоҳ, қиз туғилса, Ҳадича исмини қўяман деб ният қилардим. Икки ниятимга ҳам етдим.


 
—Олимпиадада озарбайжонлик Лоренцо Сотомайора  билан рингга чиққанингизда, рақибингизни қаршингизда кўриб, нима ҳақида ўйладингиз? Мағлуб бўлишим эҳтимоли кўпроқ, деган фикр келгандир балки?
— Лоренцо Сотомайора билан аввал ҳам рингга чиққанман. Ўшанда мен енгилгандим. Шу сабаб, Риодаги жангда унчалик ҳаяжонланмадим. Очиғи, кўнглимда иккиланиш бор эди. Ўзимни ғолиб бўлишга, менинг ғалабамни Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар кутаётганига ишонтирдим. Шукрки, жангда ғолиб бўлдим.


 
—Риодан қайтганингиздан кейин ижтимоий тармоқларда бир қиз билан тушган суратингиз тарқалди. Ўшанда, сизни қаттиқ танқид қилганлар ҳам топилди. Суратдаги қизнинг кимлиги, у билан қаерда, қачон суратга тушганингиз борасида турли тахминлар пайдо бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, айни сурат ҳақидаги ҳақиқатни ўзингиздан эшитсак...
 
— Риодан эндигина келган кунларимиздан бири эди. Ёнимга бир қиз келиб, мухлис эканини айтди ва расмга тушишни илтимос қилди. Мен мухлисга йўқ деёлмай, у билан суратга тушишга рози бўлдим. Ўша вақтда вазият бундай тус олишини ким ҳам ўйлабди дейсиз... Бир неча кун ичида, бутун ижтимоий тармоқдагилар ана шу суратни муҳокама қила бошлади. Ўйлашимча, одамлар орасида ғийбат қилишга гап топилмай турган экан, ҳамма шу суратга ёпишиб олди.
 
— Ижтимоий тармоқдаги саҳифангиз ҳам турли изоҳларга тўлгандир...
— Эҳ, нимасини айтасиз. Буниси ҳам майли, мен ўшанда аёлларимизнинг мардлигига қойил қолдим. Ўша қиз билан тушган суратим тарқалгач, ижтимоий тармоқдаги саҳифамга эркаклар турли ёқимсиз изоҳларни ёзиб қолдирган бир пайтда, аёлларнинг бунга ғаши келди. Улар, “Бу спортчи, наригиси эса мухлис” қабилида, эркак бўла туриб эркак кишини ғийбат қилаётганларга ортиқча изоҳ беришга ҳожат йўқлигини исботлашди.


 
— Сиз билан кечган суҳбатларимиздан бирида, ОАВда ғийбат кўпайиб кетгани борасида гапиргандингиз. Ўшанда шуни назарда тутганмисиз?
Бугунги кунда ТВ, радио, газета ва журналлар, интернет-нашрларда керакли, одамларни ташвишга солаётган мавзулар қолиб, санъаткорларнинг, умуман машҳур инсонларнинг бирор нуқсони, оиласидаги кўнгилсиз ҳолат, кийиниши кабиларни муҳокама қилиняпти. Тўғри, машҳур инсонлар халқ эътиборида, аммо ҳамманинг шахсий ҳаёти, оиласи бор. Аслида, мен билан боғлиқ суратни ҳам ОАВ ходими тарқатган экан.


 
— Сизнингча, машҳур бўлиш қийинми?
— Ҳа, қийин. Мен мана шу воқеадан кейин таниқли кишилар, санъаткорлар нима учун баъзида ўзларини бошқалардан олиб қочишларини, суратга тушишни, гаплашишни истамасликларини тушундим. Авваллари ким билан гаплашаётганим, суратга тушаётганим ҳақида бунчалик ўйламасдим. Ҳозир эса ўйлаб гапирадиган, ўйлаб суратга тушадиган бўлиб қолдим.
 
— Демак, ноҳақликка чидаб тура олмас экансизда?
— Умуман. Баъзан мана шу одатимни деб атрофимдагилар билан баҳслашиб ҳам кетаман. Урушиб қоладиган одатим ҳам бор.
 
— Рафиқангизнинг суратга муносабатлари қандай бўлди? Оилавий жанжалгача борилмагандир...
— Сурат билан боғлиқ гап-сўзларни эшитишим биланоқ рафиқамга бу ҳақда айтдим, ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилдим. Уни танимаслигимни, ўша қиз мухлис сифатида суратга тушишни таклиф қилганини айтдим. У мени тўғри тушунди, ортиқча гап гапирмади.


 
— Келинг яхшиси буни, рафиқангизнинг ўзларидан эшитайлик.
— Турмуш ўртоғим айтиб ўтганларидек, мен ҳам спортчиман. Кикбоксинг бўйича уч карра Жаҳон чемпиони бўлганман, 2010 йилнинг “Энг яхши аёл спортчиси” номига лойиқ кўришганди. Ўзим ҳам шу соҳа вакили бўлганим сабабли, суратни кўриб, ёмон ҳаёлга бормадим. Тўғрисини айтсам, сурат ҳақида Фазлиддин акам менга айтишларидан аввал эшитиб, кўриб бўлгандим. Уларнинг асабийлашишларини истамаганим учун индамагандим. Чунки, йўқ нарсани бор, деб туришса, кишига алам қилади. Ўзларидан эшитганимдан кейин, фикрим тўғри эканига амин бўлдим. Агар ҳар бир нарсани нотўғри тарафга бураверсам, арзимаган нарсаларга эътибор қилаверсам, оиламга путур етади, ишдан унум кетади. Шунинг учун ҳам турмуш ўртоғимга бунга аҳамият бермасликни айтдим.
 
— Турмуш ўртоғингизнинг жангларини томоша қилганингизда кўнглингиздан қандай ҳислар ўтди?
—Спортчи бўлиш жуда мушкул. Буни ўзим ҳам яхши тушунаман. Жароҳат олган вақтда буни атрофдагиларга билдиролмайди, режаларини бекор қилолмайди. Фазлиддин аканинг жангларини туғқурхонада интернет орқали кўрдим. Турмуш ўртоғимнинг ҳар бир ютуғидан хурсанд бўлдим. Туғруқхонадаги аёллар менга шерик бўлиб, қўллаб-қувватлашди. Ўшанда шундай инсоннинг рафиқаси эканимдан фахрландим.
 
— Фазлиддин, оилангиз учун сизга омад олиб келган касбингиздан кечармидингиз?
— Айни вақтда бу саволга ҳа, деб жавоб бераман. Биласизми, бокс билан 15 йилдан буён шуғулланаман. Турмуш қурганимизга ҳам кўп бўлгани йўқ. Яратган насиб қилиб, мана, икки фарзанднинг отаси бўлдим. Боксдаги фаолиятим туфайли оиламдан узоқда бир неча ойлаб юришим, ҳатто, воз кечишим керак бўлган вақтлар ҳам бўлган. Ўша вақтларда уларни соғинганман, қадрига етганман. Шунинг учун, айни дамда агар олдимга “Ё оилангни танлайсан, ёки боксни”, деган танловни қўйишса, ҳеч иккиланмай оиламни танлайман. Тўғри, спорт, бокс ҳаётим мазмуни. Бироқ оилам, фарзандларим биринчи ўринда.
 
— Фазлиддин, сизга машина ва пул мукофоти берилганидан хабаримиз бор. Сир бўлмаса пул мукофотини нималарга сарфладингиз?
Пул мукофотини устозим Аброр Турсунпўлатовга бердим. Агар шу киши бўлмаганида, мен бундай юқори чўққиларга чиқа олмаган бўлардим. Бундан аввалги жангларнинг пул мукофотларини ҳам устозимга берганман. Мен мусобақалар билан банд бўлган вақтимда, ота-онамдан ташқари шу инсон оиламдан хабар олиб туради. Ёрдамини аямайди. Фарзандларимни насбирасидек кўради. “Президент совғаси” бўлган Malibu’ни эса ўзим ҳайдаяпман.
 
— Аввал шахсий машинангиз бўлганми?
— Бир неча йил аввал, отамга, укаларимга деб, Matiz ва Spark русумли автомобилларни сотиб олганман. Malibu биринчи машинам.
 
— Кимларни ўзингизга рақобатчи, деб биласиз?
— Рақобат қилмайман. Ўзбекситонда мендан кучли боксчилар жуда кўп. Аввал рингга чиқиб, жуда кўп бор ютқазганман. Бир неча йиллар аввал,  мураббийимнинг бу борада хавотирланганини кўриб, “Устоз, биз минг ҳаракат қилайлик, насиб этмаган бўлса, бекор. Насибам қўшилган бўлса, ҳаммаси бўлади”, дегандим. Риода олтин медални қўлга киритиш менга насиб қилган экан, бунга эришдим. Мен ҳамма нарсани яхшиликка йўяман.
 
Сизни яхши танийдиганлардан “Фазлиддин ҳам “юлдузлик касали”га чалинган”, деган гапларни эшитдим. Ўзингиз бу ҳақда нима дейсиз?
— Бу одамнинг ўзига билинмайди. Юлдузлик касалига чалиндим, демоқчи эмасман. Мен аввал ким кулиб суҳбатлашган бўлсам, шу инсонлар билан ҳозир унданда яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Инсон таниқли бўлмасидан аввал, йўлда дўстини кўрса-ю, шошиб турибман, деса, дўсти уни тўғри қабул қилади. Аммо кейин шу гапни айтса, дўстининг наздида у “юлдузлик касали”га чалингандек туюлади. Шунинг учун дўстларимга айтадиган ҳар бир гапимни ўйлаб гапираман. Ростини айтганда, жуда ҳазилкашман. Ҳазилни ҳам жуда қўпол қиламан. Буни ҳамма билади. Ҳозир ҳазилни ҳам камайтирганман. Энди атрофдагилар ҳазилларимни бошқача тушунишлари мумкин. 
 
— Чекасизми? Менимча, жуда бўлмаганда чилим чекасиз. Тўғрими?  
— Сигарет чекмайман. Спиртли ичимликлардан ҳам йироқман. Фақат дўстлар билан баъзан чилим чекишим мумкин. У ҳам меъёрда.
 
— Допинг қабул қилмаган спортчи йўқ, деган гапларга қандай қарайсиз. Сиз мурожаат қилганмисиз?
— Йўқ, ҳеч қачон. Аслини олганда, биз шамоллаганда ичадиган баъзи дори воситаларининг таркибида ҳам оз миқдорда бўлсада допинг бор. Шу сабабли, шамолласам, бетоб бўлсам, терма жамоамизнинг шифокорига қўнғироқ қиламан вазиятни тушунтираман. У саломатлигимнинг ҳолатига қараб, қандай дори воситаларини қабул қилишим мумкинлигини айтади. Бундан бошқа дорилардан фойдаланмайман.
 
Суҳбатимиз чоғида рафиқангизга ёрдамлашиб, қизалоғингизга бўтқа ичираётганингизга гувоҳ бўлиб турибман. Сизга аталган саволлар орасида “Уй ишлари, ошхона ишларида рафиқангизга кўмаклашасизми?”, деган савол ҳам бор эди. Назаримда, бунга ўрин қолмади...
— Ойим “Оилангга, фарзандларингга эътиборли бўл”, деб жуда кўп гапирадилар. Улар рафиқамни жуда яхши тушунадилар ва бўш вақтим бўлди дегунча, оилам бағрига қайтишим, аёлимга фарзандлар парваришида ёрдам беришимни айтадилар. Мен ҳам шунга ҳаракат қиламан.
 
— Ота-онангиз сизни ўкп мақтаб туришса керак.
— Ота-она учун фарзандининг ортидан раҳмат эшитишданда олий мукофот йўқ. Риодаги ғалабамдан сўнг, Тошкентга келганимда отам мендан жуда хурсанд эканликларини айтдилар. “Фазлиддин, ўғлим, бугун масжидда менга раҳмат айтишди. Сени ўстириб тарбия қилганим учун миннатдорчилик билдиришди. Ватани шарафини ҳимоя қилди, отасига раҳмат” дейишди, деб гапирди. Бу нафақат ота-она учун, балки фарзанд учун ҳам катта бахт.
 
— Сўнгги бор қачон йиғладингиз?
— Эҳ, олимпиададан кейин кўп йиғладим. Мураббийимнинг оналари вафот этдилар. Аброр ака мен учун отадек бўлсалар, оналари ўз бувимдек  эдилар. Жуда яхши, камсуқум, меҳрибон инсон эди у киши. Энг охирги марта эса Ботир Қодировнинг концерт чоғида марҳум Президентимиз Ислом Каримовга атаб айтган қўшиғини эшитиб йиғладим. “Ўзбекистон ифтихори” унвонини қўлларидан олиш насиб этмаганини ўйлаб изтиробга тушдим.
 
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳар бир чиқишларида ёшларни ўз фарзандларидек кўришларини айтиб, Ватанни севиш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга даъват этардилар. Ана шу даъват мени XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, байроғимизни баланд кўтаришга етаклади.
 
— Ўзингиздаги қайси жиҳатларни ёқтирмаяпсиз?
— Дангаса бўлиб қолаяпман. Кўпроқ пиёда юришим, бироз вазн йўқотишим керак. Ўзимга ёқмайдиган яна бир жиҳатим, бировнинг дардини эшитсам ёки бирор нарсани кўрсам, ҳаддан зиёд ўзимга оламан ва шуни ўйлаб ўзимни эзаман. Эришишим керак бўлган марралар кўп. Шу ниятлар учун ҳам ўзимдаги куч ва иродани йиғиб олишим шарт.
 
— Келажакдаги режаларингиз қандай?
— Ҳаваскорликдан профессионал боксга ўтиш ниятидаман. Яқинда профессионал бокс билан шуғулланиш учун АҚШга жўнаб кетаман. Бунга жиддий киришганман. 
 
— Спортдан бошқа соҳа билан ҳам шуғулланасизми? Шахсий бизнесингиз борми?
— Мураббийим билан кафе очиш истагидамиз. Дўстлар, яқинлар, қариндошлар йиғиладиган бир жой бўлса дейман.
 
— Балки номини “Чемпион” деб атарсиз?
 
— (кулиб) Яхши фикр.
 
— Одатда спортчилар ўз фаолиятини бирор жароҳатдан кейин якунлашади. Масалан, Руслан Чагаев кўз нурининг ёмонлашиши, Николай Валуев спортдаги фаолиятини бош миясида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг якунлаган. Нима деб ўйлайсиз, спортчи ўз фаолиятини қай тарзда якунлаши керак? Албатта, бирор жароҳат олишни кутиши шартми?
— Йўқ албатта. Менда ҳам бошқа боксчилардаги каби жароҳатлар бор. Шу йил икки бор қўл соҳасида жарроҳлик амалиётини бошдан кечирдим. Бундай олиб қараганда, жароҳатларим бор, деб боксни ташласам ҳам бўлади. Аммо бундай қилмоқчи эмасман. Кучим, ғайратим бор экан, ҳаракатда давом этаман.
 
Янги йилни қаерда кутасиз?
— Оилам билан Бекободга кетамиз. Янги йилни ўша ерда, ота-онам, укаларим, яқинларим билан кутиш ниятидаман. Уларга бирор таом тайёрлаб бераман, деб ваъда берганман. Ваъдамнинг устидан чиқишим керак.
 
Тилагим кириб келаётган 2017 йил бутун дунёга тинчлик, хотиржамлик олиб келсин. Жонажон халқимизнинг хонадонида тўйлар, яхши кунлар кўп бўлсин. Фурсатдан фойдаланиб, “Qalampir.uz” сайти ўқувчиларини ҳам Янги йил билан муборакбод этаман.
Умида Якубова
 

Теглар:Фазлиддин Ғоибназаров 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Saidbek
10:28 21.02.2017

Ajoyi


Iroda
22:28 31.12.2016

Hasanboy Do'stmatovdan ham shu kabi intervyu olsangiz yaxshi bo'lardi


Expert
20:37 30.12.2016

Juda qiziqarli suhbat.Savollar ham juda ajoyib.rahmat.shunday intervyularni o'tkazib turinglar



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!